Ўзбекистон | 20:42 / 12.02.2021
21803
2 дақиқада ўқилади

«Ипотека банк»га янги раҳбар тайинланди

 «Ипотека банк» АТИБ банкининг бошқарув раиси лавозимида ишлаган Шуҳрат Отабоев президент маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланганди.

Элёр Иномжонов / Фото: Ипотека-банк

«Ипотека банк» АТИБ Кузатув кенгаши қарори билан банкнинг бошқарув раиси лавозимига Элёр Иномжонов тайинланди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Иномжонов 2019 йилдан бери мазкур банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. У 1978 йилда туғилган. 1999 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлаган.

2003 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг тадбиркорлик факултети, 2013 йилда Хитотсубаши номидаги университетни (Япония) битирган.

Иш фаолиятини 1999 йилда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг шаҳар филиалида бошлаган. 2004 йилгача мазкур банк тизимида ишлаган. 2004-2005 йилларда Инкассация бирлашмасининг Бектемир тумани бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

2005-2007 йилларда Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Элёр Иномжонов «Ипотека банк» раҳбари бўлгунга қадар тизимда 2007 йилдан буён турли лавозимларда ишлаб келди.

Аввалроқ, ушбу банкнинг собиқ раҳбари Шуҳрат Отабоев Ўзбекистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчисига ўринбосар этиб тайинлангани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид