Ўзбекистон | 17:37 / 18.02.2021
12869
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик тилшунос олим ЮНEСКО мукофотига сазовор бўлди

Ҳар бир миллатнинг фахрланадиган энг олий қадриятларидан бири - она тили. У билан инсон оламни идрок қилади ва унинг сир-синоатлари тилсимини очади. Шундай экан, тилсимлар калити ҳисобланмиш миллатларнинг «Она тили» жаҳон халқлари томонидан ҳар йили 21 феврал санасида «Халқаро она тили куни» сифатида нишонланади.

Тилшунос олим Ғулом Исмоилов

Мазкур сана ЮНEСКО томонидан турли тиллар ва дунё халқлари маданиятини муҳофаза қилиш мақсадида 2000 йилдан буён халқаро миқёсда нишонлаб келинади.

1952 йил 21 феврал куни Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ўз она тили – бенгал тилини давлат тили даражасига кўтариш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида шаҳар кўчаларига чиққан талабалар полиция ходимлари томонидан ўққа тутилади. Кейинчалик мазкур воқеа 21 февралнинг Халқаро она тили куни этиб белгиланишига сабаб бўлган.

ЮНEСКОнинг Бангладешдаги Халқаро она тили институти томонидан мукофот жорий этилган бўлиб, у ўз она тилини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш, амалиёт ва тадқиқотлар билан боғлиқ улкан ҳиссаси учун тилшуносларга бериб келинмоқда. Мукофот 21 февралда Дакка шаҳридаги Халқаро она тили институтида берилади.

2020 йил июл ойида ЮНEСКОнинг Бангладешдаги Халқаро она тили институти 2021 йил учун мукофот танловини эълон қилди.

Ушбу мукофотнинг «Она тилининг халқаро миқёсдаги тадқиқи» йўналишига ариза топширган тилшунос олимлар орасидан 2 нафари тақдирланди. Улардан бири ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Ғулом Исмоиловдир.

Тилшунос олим Kun.uz мухбири билан суҳбатда тилшуносликда олиб бораётган изланишлари, фразеологизмларнинг тил бойлигидаги аҳамияти, шунингдек, бу соҳада олдинда турган муаммолар хусусида тўхталиб ўтди.

«Илм-фаннинг глобаллашуви шароитида она тилини асраш, тарғиб қилиш заруриятга айланмоқда»

Айтиш лозимки, она тили бу — миллатнинг маънавий маданияти ва руҳи, дунёдаги ҳар бир давлатнинг ўз «тимсоли», миллат дунёда борлигини кўрсатувчи маънавий бир хилқат.

Она тилимизни асраш ва бу борадаги тадқиқотларни ривожлантириш эса миллатнинг юксалиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Илм-фаннинг глобаллашув жараёнлари шиддат билан дунё халқлари ҳаётига ўзгача таъсир кўрсатаётган бир пайтда, она тилидан унумли фойдаланиш, уни асраш, тарғиб қилиш кундан кунга заруриятга айланмоқда.

Шу мақсадда АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Хитой, Озарбойжон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илмий журналларида айнан ўзбек тили бўйича олиб борилаётган тадқиқотларим нашр этилди. Турли хорижий давлатларда ташкил этилган халқаро анжуман ва форумларда ўзбек тилининг ифода имкониятлари, ўзига хос миллий-маданий хусусиятларини очиб берадиган илмий маърузаларим билан иштирок этдим. 2019 йилда эса Россияда инглиз тилида «Transterminologization in The Uzbek Language» номли илмий монографиям чоп этилди.

Юқорида зикр этилган халқаро илмий журналлар, халқаро илмий анжуман ҳамда форумларда ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги эътиборини ошириш мақсадида она тилимизнинг турли қирраларини, ўзбек халқининг миллий-маданий хусусиятларини намоён этувчи, асрлар оша аждодларимиз томонидан шаклланиб келган, миллатнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида акс эттирувчи «фразеологизм»ларни лингвомаданий ва этномаданий жиҳатдан қиёсий тадқиқ қилиб, халқаро илмий нашрларда ҳамда анжуманлардаги иштироким сабаб ушбу мукофотга муносиб кўришди, деб ҳисоблайман.

«Ҳар бир фразеологик тушунча миллатнинг кўзгусидир»

Илмий изланишларингиз ва бу йўналишда тилшуносликдаги муаммолар нималарда кўринади?

Ҳозирги кунда тилшуносликнинг фразеология соҳаси бўйича ўзбек тилидаги ибораларни бошқа туркий тилларга қиёслаган ҳолда «Туркий тиллар фразеологизмларининг лингвокультурологик тадқиқи» мавзусида лингвомаданий асосдаги тадқиқ ҳамда шунга асосан докторлик диссертацияси устида иш олиб боряпман.

Тилнинг фразеологик фонди халқнинг маданияти ва дунёқараши ҳақидаги қимматли маълумотлар манбаи бўлиб, унда халқнинг мифлари, қадриятлари, урф-одатлари, таомиллари, ахлоқий фазилатлари акс этади.

Фразеологизмларга оид ҳар қандай тушунча маълум маданий муҳитда шаклланади ва маълум бир миллий тил доирасида маъно учун мантиқий асос вазифасини ўтайди.

Ҳар бир фразеологик тушунча миллатнинг кўзгусидир, яъни унда ҳар бир миллат тил ташувчиларининг маданияти ва тарихи акс этади. Шунинг учун ҳам фразема маданий ахборотларни ўзида мужассам этган кичик бир матндир.

Тилшуносликда илмий-тадқиқотлар парадигмаларининг ўзгариши фразеологияга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Айниқса, асрлар оша шаклланиб келган, миллатнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида намоён этувчи ибораларни лингвомаданий ва этномаданий жиҳатдан қиёсий тадқиқ қилиш зарурати туғилди.

Бирламчи моддий ва ёзма манбалар асосида ўзбек тилининг кўп минг йиллик тарихий ривожланишини ёритиб берувчи илмий тадқиқотлар ҳамда республикамизнинг ҳар бир ҳудудида яшовчи аҳолининг шеваларини ўрганиш ва уларнинг катта «Диалектологик (шевалар) атласини яратиш» каби бир талай муаммолар бугунги кунда тилшуносларимиз олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади.

Мавзуга оид