Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқланди
Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Наманганда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари вилоят кенгаши навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда 2020 йил 25 сентябрдан буён Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келган Шавкат Абдураззоқов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди. Шу тариқа, унинг лавозимидан вақтинча бажарувчи сўзи олиб ташланди.
«Хабарларинг бор, Наманган вилоятининг аввалги ҳокими Хайрулла Бозоров ислоҳотларимизни амалга ошириш бўйича кўп ишлар қилди. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби катта корхоналари йўқ Наманганда ҳоким бўлиш осон эмас. Биз Наманганда Бозоров билан яхши ишладик. Бу ерда олинган сабоқ ва тажрибани иккинчи вилоятда ҳам қўллаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун уни Фарғона вилоятига ҳоким қилдик.
У яхши ишлагани учун Фарғона вилоятига ўтказдик. Бозоров билан гаплашиб, унга янги вазифалар қўйдик. Менинг Бозоровдан умидим катта.
Энди Наманган вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқишимиз керак. Наманганнинг бугунги ривожига муносиб, уддабуррон, халқпарвар, тадбиркорни қўллаб-қувватлайдиган одамни раҳбар қилиб сайлашимиз керак», деган президент.
Давлат раҳбари ҳокимларни тайёрлаш ва тайинлаш масъулияти ҳақида гапирган.
«Ҳаёт шундайки, мен ҳар бир вилоятга раҳбар бўла оладиган одамни тўрт-беш йил олдин тайёрлашга мажбурман.
Энди янги ҳоким масаласида гапирсак. Шавкат Абдуразоқов Наманган тумани, Наманган шаҳрида ҳоким бўлган, Вазирлар Маҳкамасида департамент мудири, вазир бўлиб ишлаган. Наманганнинг шароитини, халқнинг дардини, Тошкентдаги кабинетлар эшигини қандай очишни, масалани қандай ҳал қилишни билади.
Наманганга Тошкентдан бирорта вазирни олиб келиш мумкин эди, лекин Наманганни яхши биладиган одам қўйилиши тўғрироқ бўлади. Мен Шавкат Абдураззоқовни Наманган вилояти ҳокими вазифасига тавсия қиламан. Ҳозирги ҳолатда ундан яхшироқ номзод йўқ, деб ўйлайман. У сизлар учун янги одам эмас, ўз ичингиздан чиққан одам», деди президент Шавкат Абдураззоқов ҳақида.
Шавкат Абдураззоқовнинг номзоди Наманган вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Наманган вилояти ҳокими вазифасига тасдиқланган Шавкат Абдураззоқов бу номга муносиб кўрилгани учун миннатдорлик билдириб, нутқ сўзлади.
«Мени бу лавозимга муносиб кўрганингиз учун раҳмат. Белгилаб берган вазифаларингизни сўзсиз бажаришга ваъда бераман. Вилоятни обод қилиш учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишга, халқимизга худди ота-онамга хизмат қилгандек хизмат қилишга сўз бераман.
Маҳалла ислоҳотчи таклифини бердингиз. Рухсат берсангиз, «Обод маҳалла» дастурига киритилган 17та маҳалладан бирортасига кўчиб борсам ва халқ рози бўлганидан кейин қайтсам», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълумот учун, Шавкат Абдураззоқов 2020 йил 25 сентябрда Фарғона вилоятига ҳоким бўлиб ўтган Хайрулла Бозоров ўрнига Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлганди. Наманган вилоятига ҳоким бўлгунга қадар Абдураззоқов 2020 йил март ойидан буён Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси сифатида ишлаган. Шунингдек, у 2015-17 йилларда Наманган тумани ҳокими, 2017-20 йилларда Наманган шаҳар ҳокими бўлган.
Мавзуга оид
07:34 / 23.12.2024
40 млн сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушланди
14:21 / 21.12.2024
Ҳокимлар ва футбол. Йил бошидаги мақсад ва харажатга яраша қандай натижага эришилди?
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
16:53 / 22.11.2024