Ўзбекистон | 11:04 / 01.03.2021
9859
2 дақиқада ўқилади

«Нархоз»га ўқишга киритиб қўйиш учун 15 минг доллар сўраган шахс ушланди

У Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, ДХХ ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Қайд этилишича, ушбу шахс бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Фақат бу «хизмат» 15 минг долларга тушишини маълум қилган.

У 15 минг долларни санаб олаётган вақтда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ДХХ ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

«Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарида.

Аввалроқ, 2700 доллар эвазига Чимкент шаҳридаги олий таълим муассасасининг иқтисодиёт йўналишига, 3500 доллар эвазига Бухоро давлат университетига, 6000 доллар эвазига Самарқанд давлат чет тиллар институтига, 4300 доллар эвазига Андижон давлат университетининг «Жисмоний тарбия ва спорт» факультетига, 5000 доллар эвазига Қарши давлат университетига, 12 000 доллар эвазига Самарқанд тиббиёт институтига, 8 000 доллар эвазига Ўзбекистон Миллий университетига, 5000 доллар эвазига Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар қўлга олинган эди.

Мавзуга оид