Ўзбекистон | 13:07 / 17.03.2021
7806
2 дақиқада ўқилади

Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди

“Қарши давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Қарши давлат университетининг педагогика таълим соҳаси бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университети Педагогика институти ташкил этилди.

Педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ва бошқалар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди. 

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши давлат университетида педагогика таълим соҳаси бакалавриат таълим йўналишлари ва улар негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу бакалавриат таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқишни битиргунига қадар университетда таълим жараёнини давом эттиради.

Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика ОТМга ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Мавзуга оид