Жаҳон | 09:21 / 22.03.2021
10522
2 дақиқада ўқилади

Дунёни 2030 йилга бориб сув танқислиги муаммоси кутмоқда - ЮНЕСКО

2030 йилга бориб дунё сувнинг глобал танқислигига тўқнаш келади. ЮНЕСКОнинг 22 мартда нишонланадиган Бутунжаҳон сув куни муносабати билан чиқарган ҳар йиллик маърузасида айтилишича, пандемия сабабли юзага келган ҳозирги санитар инқироз ортида Ер аҳолисини гигиеник эҳтиёжларни қондириш учун сув билан таъминлаш муаммоси “ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади”.

ЮНЕСКО бош директори Одре Азуленинг айтишича, дунё аҳолиси 2030 йилга келиб 40 фоиз миқдорида сув танқислигига тўқнаш келади. Сув танқислиги билан боғлиқ вазият бошқа глобал муаммолар, жумладан пандемия оқибатлари сабабли янада оғирлашади.

Азуле давлатлар сув захираларини сақлаб қолиш учун етарлича саъй-ҳаракатларни амалга оширмаётгани ва бу захираларнинг қийматини тўғри баҳолаш масаласи тобора ўткир муаммо бўлиб бораётганини таъкидлаб ўтган. 

“Сув бизнинг энг бебаҳо захирамиз, “мовий олтин”дир. Ҳозирда 2 млрд киши ундан эркин фойдалана олмайди. У нафақат омон қолиш учун зарур, балки жамиятда санитар, ижтимоий ва маданий аҳамиятга эга”, деб таъкидлаб ўтган Азуле. 

Маъруза муаллифларининг таъкидлашича, сув қийматини нафақат унинг бозор нархи, балки унинг тарқатилиши олиб келадиган нафларни ҳисобга олиб баҳолаш лозим. Бироқ ҳозирда бундай баҳолашни ўтказиш учун умум тан олинган модел мавжуд эмас.

ЮНЕСКО раҳбари бу борадаги сиёсатни юритиш йўлларини белгилаб олиш учун сув захираларининг турли жиҳатларини кўриб чиқишга имкон берувчи комплекс ёндашувни ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда.

Мавзуга оид