Ўзбекистон | 22:33 / 23.03.2021
30754
6 дақиқада ўқилади

Ковидмарказлар қайта очилиши мумкинми? Нурмат Отабеков жавоб берди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков Kun.uz мухбири билан суҳбатда ковидмарказлар фаолияти тикланиши эҳтимоли, AstraZeneca вакцинаси ва Ўзбекистоннинг эмлаш потенциалига доир саволларига жавоб берди.

Фото: Kun.uz

– Сўнгги вақтларда касалланиш ҳолатлари бирмунча ўсаётгани ҳисобга олинса, ковидмарказлар қайта очилиши эҳтимоли қанчалик?

– Айни пайтда бундай эҳтимол деярли йўқ. Масалан, республикадаги энг катта марказ бўлган Зангиотадаги махсус шифохона 4 минг ўринга мўлжаллангани ҳолда унда минг нафар атрофида бемор даволаняпти. Лекин эпидемиологик вазият шунга мажбур қилса, ковидмарказлар қайта очилиши масаласи ҳам кун тартибига чиқади.

– Ҳозирда кўпчиликнинг диққат марказидаги масала – AstraZeneca вакцинаси бўлмоқда.

 – Ўзбекистон қайси вакцинани ишлатади, деган савол халқимизни қизиқтиряпти. Боз устига, AstraZeneca вакцинасини қўллаётган баъзи бир давлатлар ушбу вакцинани ишлатишни маълум муддатга тўхтатди. Бу давлатлар сони 20 та атрофида бўлди. Сўнгги кунларда ОАВ, интернет сайтларида ёритилган маълумотларда кўриняптики, кўпгина давлатлар вакцинани ишлатишни яна қайта бошлаган.

Негаки, ЖССТ ўша вакцинани қўллаётган давлатлардан бу каби хабарлар келгани муносабати билан Европа дори воситалари қўмитасидан буларни суриштириб, ҳақиқатан кузатилаётган асоратлар ҳақида маълумот беришни сўраган.

Асосан бир асорат ҳақида маълумот тарқалди, яъни томирларда, чуқур веналарда тромбларнинг ҳосил бўлиши каби асоратлар айнан шу эмлаш жараёни билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги ўрганиб чиқилди. Давлатлар ҳатто ўша вакциналарни ишлатишни бир муддатга тўхтатган бўлса ҳам, Европа дори воситалари қўмитасидан бу асоратнинг эмлаш билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ дейдиган бўлса, у ҳолда дарҳол эмлаш тадбирларини давом эттирамиз, деган режа қилишган. Демак, ҳозирги кунда маълум бир муддатга тўхтатилган эмлаш тадбирлари қайтадан бошланганининг ўзи Европа қўмитасининг оғир асоратлар бўйича хулосасига асос бўла оладиган ҳужжатларнинг йўқлиги, келтирилган важларнинг етарли эмаслигини англатади.

Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор берайлик, вакцинани вақтинча чегаралаган аксарият давлатлар AstraZeneca вакцинасини қўллаганидан кейин чуқур веналарда тромбоэмболия асоратлари бўлгани ҳақида важ келтирилган. Лекин адабиётларга қарайдиган бўлсак, ҳар йили дунё бўйича 3 млн нафардан ортиқ одам, аниқроқ айтсак, ҳар 37 секундда бир киши тромб билан боғлиқ асоратлардан вафот этади. Бу дегани айнан эмлаш жараёнини тромб ҳосил бўлишга сабабчи ҳолат сифатида қарашга асос йўқ.

Умуман, AstraZeneca бўйича келтирилган важларда бир-икки рақамлар айтиляптики, улар эътиборга молик – 30 млндан ортиқ одам эмланган, 30 га яқин одамда асорат кузатилган. Тасаввур қилинг, ҳар миллион эмланган одамдан битта асорат бу асорат ҳисобланмайди. Негаки, ўзи иммунопрофилактика тадбирларини амалга ошириш баробарида ҳар минг кишига 4 та эмлашдан кейин қандайдир реакция кузатилиши: оғриқ, қизариш, эмланган жойда тошманинг пайдо бўлиши, баъзи ҳолатларда вакциналарни сақлаш тартиби бузилган вақтда ва уларни бактериялар билан ифлосланишига йўл қўйиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган анафилактик шок каби расман тан олинган ножўя таъсирлар доимо назарда тутилади. Яъни 0,4 фоиз бу каби ножўя таъсирлар кузатилиши мумкин.

– Ўзи умуман вакцинация бўйича Ўзбекистон етарли тажрибага эгами?

– Албатта, Ўзбекистон иммунопрофилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича дунёда етакчи ўнта давлатнинг ичига киради. Аниқроқ айтсак, ЖССТ Европа иттифоқига мансуб бўлган 53 та давлатнинг ичида иммунопрафилактика тадбирлари юқори даражада, халқаро андозалар даражасида амалга ошириладиган давлат – Ўзбекистон.

Республикамизда бошқарилувчи юқумли касалликлар билан қамраб олиш даражаси 98–99 фоизни ташкил этган. Агар мустақилликнинг дастлабки кунида 6 та юқумли касалликларга қарши эмлаш амалга оширилган бўлса, ҳозир 13 турдаги, шу жумладан, бачадон бўйни ўсмаси (раки) касаллигига қарши ўсмир қизлар эмланиши амалиётга киритилган.

Давлатимизда иммунопрофилактика тадбирлари жуда мукаммал даражада йўлга қўйилганки, халқаро экспертлар Ўзбекистонни бу борада мисол сифатида кўрсатади. Энди Ўзбекистон Республикаси қандай вакцина олиб келишидан қатъи назар, логистикани жой-жойига қўйган ҳолда сақлаш, ташиш ва ишлатиш тартиб-тамойилларига риоя қилиб, бу тадбирларни амалга оширади.

– Суҳбатга вақт ажратганингиз учун раҳмат.

– Суҳбатимиз якунида яна бир бор эслатмоқчиман. Умуман олганда, республикадаги вазият барқарор. Биз аниқ англаган нарса шуки, қачонки тиббиёт ходимлари, шунга дахлдор соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик билан биргаликда зарур тадбирларни амалга оширар эканмиз, касаллик эпидемиясини ҳозирги ҳолатга монанд равишда Ўзбекистон даражасида жиловлашга мушарраф бўлишимиз мумкин.

Вазиятни, карантин ё чеклов тадбирларини кучайтириш ёки кучайтирмаслик, қолаверса, кучайтиришга давлатимиз раҳбариятини мажбур қилиш – бу, кенг жамоатчилик қўлидаги иш. Қачонки биз мана шу тадбирларга риоя этарканмиз, давлатимизнинг иқтисодий қувватини таъминлаб берадиган тармоқлар фаолиятини тўхтатиб қўйишга йўл қўймас эканмиз, демак, биз ҳам имкониятларимизни яхшилаб оламиз, қолаверса, одамларнинг ҳаддан ортиқ саросимага тушишига йўл қўймаймиз ва вазиятни барқарор сақлаб қоламиз.

Мана шу билдирилган фикрларимиз аҳолининг ҳар бир қатламига етиб борар экан, ўйлаймизки, улар талабларни тўғри тушуниб, вазият чигаллашиб кетишини истамаган ҳолда жамоамизга қўшилиб, бу ишда бизга хайрихоҳ бўлади деган умиддамиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Суҳбатнинг 1-қисми:

Мавзуга оид