Жамият | 20:00 / 25.03.2021
4633
4 дақиқада ўқилади

“Ўзагросуғурта” халқаро рейтингда BB-даражасига эга бўлди

Фото: Ўзагросуғурта

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суғурта бозорини халқаро стандартлар даражасига етказиш ҳамда суғурта ташкилотлари нуфузи ва хизмат кўрсатиш сифатини умумжаҳон талаблари ва меъёрларига етказиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Ушбу ислоҳотлар доирасида жаҳон суғурта бозорида барқарор имижни шакллантириш ва дунёнинг ривожланган суғурта ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида “Ўзагросуғурта” АЖнинг молиявий хўжалик фаолияти “Делойт” (Deloitte) ва “Грант Торнтон” (Grant Thornton) каби жаҳондаги етакчи аудиторлик компаниялари томонидан халқаро аудит стандардлари бўйича текширувдан ўтказилди ва ижобий хулосалар олинди.

Шунингдек, Жамият тасарруфида бўлган барча мол-мулклар “Веритас” баҳолаш ташкилоти томонидан халқаро талабларга мувофиқ баҳоланди. Содда айтганда, Жамиятнинг молиявий ҳисоботлари халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилган кўрсаткичларда акс эттирилди.

Таъкидлаш жоизки, Жамият кетма-кет иккинчи йил “Фитч” (Fitch) халқаро рейтинг агентлиги томонидан “ВВ–” барқарор рейтингига эга бўлди. Бу ҳақда компаниянинг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Мазкур нуфузли халқаро агентлик асосан суғурта соҳасида фаолият олиб бораётган компанияларни қимматли қоғозлари, суғурта хизмати сифати ва қамрови, активлари ҳамда депозит портфели, шунингдек, молиявий ҳолатидан келиб чиқиб баҳолайди.

Дунёнинг кўплаб инвесторлари “Фитч”нинг кредит рейтингига таяниб иш кўради. Демак, “Ўзагросуғурта” АЖга жаҳон суғурта ва қайта суғурта бозорларида кенг фаолият олиб бориш имконияти яратилади. Шунингдек, Жамият учун маҳаллий экспортёрлар ва Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи бўлган инвесторларни суғуртавий ҳимоя орқали қўллаб-қувватлаш имконияти кенгаяди.

Ушбу рейтинг кўрсаткичи олинган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилиш кафолати, юқори салоҳиятли инвесторлар учун ишончлилик даражасини белгилайди.

Компания мутахассислари кўп йиллик тажрибага эга ва капитал бозорларини таҳлил қилишда фойдаланиладиган кўплаб мамлакатларнинг ички иқтисодий механизмлари тўғрисида аниқ билимларга эга. “Фитч”дан олинган таҳлиллар ва прогнозлар анъанавий равишда ишончли ва ошкора ҳисобланади.

Яна бир масала, Жамиятда фаолият кўрсатаётган кадрлар малакасини ошириш ҳамда уларнинг кўникмаларини халқаро талаблар даражасига етказиш мақсадида ривожланган мамлакатларнинг таълим муассасалари билан ҳамкорликда тез-тез тажриба алмашилмоқда. Шу билан бирга, Жамият таркибий тузилмасида халқаро молиявий стандартлар асосида фаолият юритишни таъминлайдиган бўлим ташкил этилганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро рейтинг олиш суғурта ташкилотининг ишончлилиги ва молиявий барқарорлигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Бу эса хорижий инвесторлар ва маҳаллий аҳолининг суғурта хизматига ишончини янада мустаҳкамлаш учун муҳим индикатордир.

“Ўзагросуғурта” АЖ Ахборот хизмати

Мавзуга оид