Иқтисодиёт | 22:15 / 30.03.2021
5374
3 дақиқада ўқилади

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқланди

Давлатнинг «олтин акция» махсус ҳуқуқи бекор қилинади. Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар сони 75 фоизга қисқартирилади.

Жорий йил 29 март куни Вазирлар Маҳкамасининг «2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ва уни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ҳамда мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Стратегияда қуйидаги меъёрларни амалга ошириш кўзда тутилган:

  • «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида» ва «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш мезонларини (табиий монополия, стратегик манфаат соҳасида фаолият юритадиган ва бошқ.) белгилаш, ҳар йили ушбу мезонлардан келиб чиқиб, «сот ёки тушунтир» тамойили, яъни агар маълум бир корхонани давлатда ушлаб туришнинг зарурати асослаб берилмаса сотишга мажбур бўладиган янги амалиёт жорий этилади;
  • давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадларни белгилаш, давлат иштирокидаги корхоналар ва нодавлат юридик шахслар учун тенг шароит яратиш, жумладан, барча давлат унитар корхоналарини хўжалик жамиятларига айлантириш, давлатнинг мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) ва тартибга солувчи функцияларини ажратиш;
  • бошқарув органлари аъзоларини босқичма-босқич танлов асосида сайлаш, кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзоларни жалб этиш, унинг қошида қўмиталар ташкил этиш, тафтиш комиссиялари фаолиятини тугатиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижро этувчи органи ва кузатув кенгаши аъзоларини корпоратив бошқарув тамойиллари (акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва муассис қарорлари) асосида улар томонидан мустақил равишда сайлаш (тайинлаш);
  • давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этиш;
  • акциялар фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида «мувофиқлик тизими» хизматини ташкил этиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг натижалари тўғрисида йиғма ҳисобот шакллантириш ва 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш.

Шу билан бирга, ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатларини бир йилдан уч йилгача узайтириш ҳамда давлатнинг «олтин акция» махсус ҳуқуқини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий ва халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда Эксперт кенгашини ташкил этиш белгилаган.

Стратегияни амалга ошириш натижасида:

  • давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгашлари таркибида мустақил аъзолар улушини босқичма-босқич 30 фоизга етказиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш;
  • 20та давлат иштирокидаги корхоналар акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш назарда тутилган.

Мавзуга оид