Жаҳон | 08:34 / 02.04.2021
10394
3 дақиқада ўқилади

Сувайшдаги ҳодисанинг тергови доирасида “Эвер Гивен”нинг қора қутиси олинди  

Фото: Reuters

Сувайш каналида “Эвер Гивен” кемаси билан юз берган ҳодисани тергов қилиш бўйича комиссия кеманинг қора қутисини олди. Бу кеманинг саёзликка ўтириб қолишидан олдин ва ундан кейин экипажнинг барча суҳбатини, капитан буйруқлари ва кема амал қилган сигналларни ўрганиш мақсадида қилинди.  

Ad-Dustour нашрининг хабар беришича, тергов комиссияси раҳбари Саид Шайши кема экипажидан каналдаги инқирозли ҳолатнинг бошидан охиригача бўлган барча маълумотни сўраган. “Биз, шунингдек, кема билан юз берган аввалги авариялар ва унинг техник ҳолати ҳақидаги маълумотни сўрадик. Ҳодиса учун барча жавобгарлик Сувайш канали эмас, балки кема экипажи ва унинг капитани зиммасида ётади”, деб айтган Шайши.  

Унинг таъкидлашича, “агар кема экипажи тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, унда ушбу иш маъмурий қоидабузарлик сифатида таснифланади ва кема бутун юки билан бирга суд ҳукми чиқарилгунгача ушлаб турилади”. Агар экипаж тергов билан ҳамкорлик қилса, унда “масала 3-4 кун ичида ҳал бўлади”. 

“Эвер Гивен” кемаси Сувайшда 23 март куни саёзликка ўтириб қолиб, канал орқали ҳаракатни тўхтатиб қўйганди. Уни 29 март куни саёзликдан чиқаришга муваффақ бўлинган. Шундан кейин каналда ҳаракат тикланган. 

Кема билан боғлиқ ҳодисанинг тафсилотларини тергов қилиш 31 март куни бошланди. Жумладан, тергов кема сардори контейнеровоз саёзликка ўтиришдан олдин канал бошқармаси кўрсатмаларига амал қилгани ёки йўқлигини аниқлаши керак бўлади. “Биз кемада қандай ускуналар бўлгани ва у тегишли тарзда қўлланганини аниқлашимиз лозим”, деб қўшимча қилган Шайши. 

Аввалроқ Сувайш канали маъмурияти каналнинг тўсилишидан кўрилган зарарни 1 млрд долларга баҳолаганди. Канал бошқармаси раҳбари Усома Роби кема билан юз берган ҳодисани тасодиф деб атаган. Бироқ у бунда кема капитанининг ҳам айби борлигини таъкидлаб ўтган. 

Мавзуга оид