Иқтисодиёт | 22:34 / 04.04.2021
11298
2 дақиқада ўқилади

Россия саноат ва савдо вазири Ўзбекистонга келди

Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегация Тошкентга етиб келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига бортида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегация ўрин олган самолёт келиб қўнган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг хабар беришича, 5-7 апрель кунлари Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар марказида халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтади. Россия билан биргаликда ташкил этилган ушбу кўргазманинг ишбилармонлик дастури доирасида асосий стратегик сессия Ўзбекистон бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров иштирокида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Кўргазма дастуридан Ўзбекистон вилоятлари ҳокимлари ва Россия регионлари губернаторлари иштирокидаги Ўзбекистон-Россия минтақалараро форуми ўрин олган.

Илк марта Россиядан ташқарида бўлиб ўтаётган ушбу халқаро кўргазмада Арманистон, Беларусь, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Франция, Чехия ва Япониянинг 300дан ортиқ саноат компаниялари ва ишбилармонлар делегациялари иштирок этади.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – иштирокчи мамлакатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини аниқлашдан иборат.

Денис Мантуров бошчилигидаги Россия делегацияси ўтган йили Тошкент металлургия заводининг очилишига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган, жумладан, 2020 йилнинг 4 декабрь президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида ҳам бўлганди

Мавзуга оид