Жаҳон | 11:59 / 10.04.2021
5928
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳукумати Alibaba’ни деярли 3 млрд долларлик жаримага тортди

Фото: Supplied

ХХР бозор регулятори Alibaba компаниясини монополияга қарши қонунларни бузгани учун 2,78 миллиард доллар миқдорида жаримага тортди.

ХХРнинг бозор регулятори Alibaba компаниясини монополияга қарши қонунларни бузганликда айблади. Маълум қилинишича, Alibaba хатти-ҳаракатлари электрон тижорат бозоридаги рақобатга салбий таъсир кўрсатган.  

Хитой Бозорни назорат қилиш давлат агентлиги маълумотларига кўра, компания монополияга қарши қонунларни бузгани учун 18,22 миллиард юан (2,78 миллиард доллар) миқдорида жарима тўлайди. Жарима компаниянинг 2019 йилда Хитойда сотган савдосининг 4 фоизини ташкил этади.

«Alibaba савдоларида истеъмолчиларни ўз хизматларидан «иложсиз» фойдаланишга мажбур қилиш сиёсати борлиги тасдиқланди. Бу Хитойнинг электрон тижорат бозоридаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган», деб таъкидлаган агентлик.

Бунгача, Хитойда солинган рекорд жарима 975 млн долларни ташкил қилган ва уни 2015 йилда АҚШнинг Qualcomm компанияси Хитойнинг монополияга қарши қонунларини бузгани учун тўлаган.

ХХР ҳукумати ва Alibaba ўртасидаги кескинлик Жек Манинг ўтган йил октябрда халқаро молиявий регуляторлар қоидалари эскирганини айтиб, Хитой банкларини танқид қилганидан сўнг бошланди.

Декабрда Хитой регуляторлари Ant Group’ни шаффоф рақобат принципларини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузганликда айблади. 24 декабрда эса Alibaba устидан текширув бошлангани маълум қилинди.

Аввалроқ, Хитой антимонопол компаниялари Alibaba'га рекорд даражада - 975 миллион доллар жарима тайинлаши мумкинлиги маълум қилинганди. Бунга 2020 йил охирида Alibaba раҳбари Жек Манинг Хитой молия идоралари фаолиятини танқид қилганлиги асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Шунингдек,ХХР раиси Си Цзинпин Хитой Коммунистик партияси молиявий маслаҳат ва мувофиқлаштирувчи қўмитаси йиғилишида кўплаб маълумотлар ва иқтисодий қудратга эга бўлган интернет-компаниялари устидан назоратни кучайтириш, монополияларга қарши кураш ва капитал назоратсиз кўпайишининг олдини олиш бўйича кўрсатма берганди.

Мавзуга оид