«Қуён ови». Зиданнинг навбатдаги режаси ҳақида
Мураббий Зиданнинг энг катта ютуғи сифатида муҳим ўйинларга яхши тайёрлана олишини айтишади. Мана бугун, гўёки Бенземанинг маҳорати, рикошет гол «Реал»га омад келтиргандек, аммо агар чуқурроқ қаралса, бу устунликнинг ортида мураббийнинг айниқса, биринчи таймда иш берган режаси ётганини кўриш мумкин.
«Реал» бошланғич 4-4-2 схемасида жойлашган бўлса-да, ҳимояланаётганда Вальверде ўнг қанот ҳимоячисига, у ердаги Васкес эса, учинчи марказий ҳимоячига айланди. Натижада тўпсиз ҳолатда 5-3-2 ҳосил бўлиб, агар Месси чап қанотга қўшилса, Модричга у билан персонал ўйнаш вазифаси топширилганди. Худди шундай ҳолат чап қанот ҳимоясида Каземиро билан амалга ошди.
Бу мезбонларнинг биратўла икки муҳим муаммосини ечди. Бири «Барселона»нинг асосий устунлигини йўққа чиқарган бўлса, иккинчиси «Реал»нинг камчилигини ёпди.
Биринчидан, «Барселона»нинг энг хавфли қуроли Альба деярли ҳужумдан узиб қўйилди. Вальверде шунчаки, қанотга жойлашибгина қолмасдан, Альба билан персонал ўйнади. Тайм бошидаги бир вазиятни айтмаса, Жорди ҳужумда ҳеч нарса қила олмади.
Иккинчидан, Варан касал бўлиб қолгач, марказий ҳимояда Милитао - Начо жуфтлиги янги, энг нозик нуқта экани ҳаммага маълум. Учинчи марказий ҳимоячи қўшилиши сон жиҳатдан бўлса-да, зонани ёпишда ёрдам берди. Анча эркин ва агрессив ҳаракат қиладиган Начода 14-ҳудудда янада фаол курашларга қўшилиш имконияти яратилди ҳам.
Зиданнинг бир ўқ билан урган «учинчи қуёни» эса, қарши ҳужум пайтида Вальверде ва Васкес томонидан Альбанинг «ечинтирилгани» бўлди. Иккинчи шундай уриниш Бенземанинг чиройли голи билан якунланди.
2-таймда вазиятнинг ўзгаришига, бир, Васкеснинг жароҳати, икки, Куманнинг схемани ўзгартиргани сабаб бўлди. Гризманн чиқиши билан меҳмонлар 4-3-3 га ўтишди ва энди, «Барселона» қанотларида ҳам мунтазам икки футболчи пайдо бўла бошлади. Энди Альба билан персонал ўйнашнинг иложи қолмади. Гол ҳам айнан яна Альбага қайтган эркинлик ёрдамида содир бўлди. Катта ҳажмдаги ишни бажарган Вальверденинг голдан кейин дарҳол алмаштирилгани ҳам шундан - Зидан рақибнинг ўзгаришларига жавоб бериши эди.
Хуллас, ўйин охирида дуранг ҳам бўлиши мумкин бўлса-да, тактик курашда яна Зидан ютди. Идеал биринчи тайм ўйин тақдирига яхши пойдевор қўйганди.
Алоҳида топ ўйинларга Зидан ажойиб режалар, сюрпризлар тайёрлаши билан бир қаторда, футболчиларнинг бу режаларни деярли тўлиқ бажараётгани ва натижа келтираётгани алоҳида таҳсинга лойиқ. «Реал» ушбу мавсумда 9 маротаба топ рақибларга (Атлетико, Барселона, Интер, Аталанта, Ливерпуль) қарши ўйнаган бўлса, 8 тасида ғалаба қозонди. Бир дуранг.
Бу нима дегани? «Қуён ови» давом этади. Шалпангқулоқ Чемпионлар Лигаси, қоч, «Реал» келяпти, дегани...
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
12:04 / 08.12.2024