«Қарор олдинроқ қабул қилингани кўриниб турибди» – Юлий Юсупов «Совпластитал» иши бўйича суддан кейин тизимни танқид қилди
Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази раҳбари Юлий Юсупов Ўзбекистондаги судлар фаолиятига баҳо берар экан, бундай «суд» билан мамлакат келажаги йўқ, деган фикрни илгари сурмоқда. Унинг таъкидлашича, барча «судьялар»ни истеъфога чиқариб, янги адвокатлардан танлаш зарур ёки улар ўрнига хориждан мутахассислар жалб қилиш керак. Ёхуд мамлакатдан «суриш» керак.
Юлий Юсупов марказнинг Telegram каналида «Совпластитал» билан боғлиқ суд эшитувларидан сўнгги фикрлари билан ўртоқлашган.
«Ҳозиргина ЎзР Олий судининг иқтисодий масалалар бўйича ҳайъатининг «Совпластитал» иши бўйича кассация шикоятни кўриб чиқишга доир йиғилишидан чиқдим. Кўрганларимдан жуда ҳам таъсирланган ҳолдаман.
«Совпластитал» иши бўйича жуда кўп ёзганим боис, бу ҳақда тўхталмайман. Бу иш хусусий мулк бузилиши ҳамда амалдаги қонунчиликка мутлақ тупуриб қўйишга яққол мисол эканини эслатиб ўтмоқчиман. Мутлақ тартибсизлик.
Энди суд жараёни ҳақида.
«Совпластитал» акциядорларидан мулкини тортиб олишга доир ноқонуний қарор 2017 йилда чиқарилган эди. 2020 йил январида туман суди акциядорлардан бирига зарарни қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилди. 2020 йил майида апелляция суди бу қарорни бекор қилди. Суд мажлисида жавобгар фойдасига бирорта ҳам далил тақдим этилмади, қолаверса, суд мажлиси протоколи қалбакилаштирилган эди, маҳкамадаги суддаги прокурор 2017 йилдаги биринчи суддаги судья эди.
Акциядор салкам бир йил мобайнида апелляция судининг қарорини Олий судда кўриб чиқишга эришишга уриниб келди ва раддиялар олди. Ниҳоят, Олий суд ҳайъатининг кенгаши тайинланди.
Акциядор вакили иш мазмунини тушунтириб берди, апелляция судидаги тартибсизликлар ҳақида сўзлади, судга ўз фикрларини исботловчи ҳужжатлар тўпламини тақдим этди. Жавобгар (Давлат активларини бошқариш агентлиги) акциядор вакилининг чиқишидаги фикрларни умуман рад этмади. Бундан ташқари, у акциядор ҳуқуқи бузилгани ва унга товон пули тўланиши керак, деган фикрга қўшилди. Албатта, товон суммасига эмас. Буларнинг барчасига 20-30 дақиқа вақт кетди. Суд 5-10 дақиқача давом этган маслаҳатлашувга кириб кетди ва судья чоп этилган қарорни ўқиб берди. Қандай мазмунда эканини бир тахмин қилиб кўринг-чи?! Албатта, апелляция суди қарорини ўз кучида қолдирди.
Бизнинг ўзбек «суд»имиз – цирк, унинг иштирокчилари буни яширишни ҳам исташмаяпти ҳатто. 5-10 дақиқа ичида тақдим этилган ҳужжатларни нафақат ўрганиш ва ишни муҳокама қилиш, балки қарорни компьютерда ёзишга ҳам улгуриш мумкин эмас. Хўш, шунга нима қилибди? Ахир, қарор олдинроқ қабул қилингани ва чоп этилганини барча яхши билади-ку, «судьялар» эса, бу циркдаги масхарабозлар холос. Улар маслаҳатлашув хонасида кўпроқ қолиб, жиллақурса, чой ичишмади ҳам. Аслида ҳам керакми?
Бундай «суд» билан мамлакатимиз келажаги йўқ. Ё биз барча «судьялар»ни истеъфога чиқариб, янгиларини адвокатлардан танлаймиз ёки яхшиси хориждан таклиф этамиз. Ёхуд, умуман мамлакатдан кетиш керак. Бевосита гувоҳликлар асосидаги хулосаларим шундай», - деб ёзган Юлий Юсупов.
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024