Ошиб бораётган озиқ-овқат нархлари. Йил охиригача нималар кутилмоқда?
2021 йил I чорагида жаҳон бозорида ёғ маҳсулотлари нархи йил бошига нисбатан 21,4 фоизга, шакар 10,4 фоизга қимматлашди. Гўшт маҳсулотлари ўсиши 4,3 фоизни ташкил этди.
Сўнгги ойларда жаҳон бозорида озиқ-овқат нархлари тобора кўтарилиб бормоқда. Бу эса импорт маҳсулотларига юқори даражада боғлиқ бўлган мамлакатларда ички нархлар барқарорлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Марказий банк эълон қилган «2021 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да Ўзбекистон ҳам гўшт, ёғ, дон, картошка ва шакар маҳсулотларини импорт қиладиган давлатлар сирасига кириши ва жаҳон бозорида ушбу товарлар нархларининг ўзгаришига юқори сезувчан ҳисобланиши келтирилади.
Ёғ маҳсулотлари ўсиши
Жаҳон бозорида ёғ маҳсулотлари нархи жорий йилнинг I чорагида йил бошига нисбатан 21,4 фоизга қимматлашди.
АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) прогнозларига кўра, 2021 йилда кунгабоқар уруғини етиштириш 9,3 фоизга, захиралари эса 38,6 фоизга, мос равишда, кунгабоқар ёғини ишлаб чиқариш 43,1 фоизга ва захиралари 9,9 фоизга камроқ бўлиши кутилмоқда.
Ўсимлик ёғларидан палма ва рапса ёғларининг сезиларли қимматлаши ўтган мавсумда ҳосилнинг кам бўлгани, шунингдек, асосий экспортёр давлатларда захиралар камайиб бораётгани (палма ёғининг 10 фоизга ва рапса ёғининг 26 фоизга камайиши) билан изоҳланади.
Шунингдек, биодизель сектори томонидан сояга фаол талаб мавжудлиги шароитида жаҳон бозорида соя нархига қўшимча оширувчи босимни вужудга келтирмоқда.
Кунгабоқар ёғининг қимматлашиб боришига 2021 йил учун ишлаб чиқариш ҳажмларининг пасайиши бўйича прогнозлар (ўтган йилга нисбатан 10,6 фоиз), шунингдек, Европа Иттифоқи, Туркия, Украина ва Россия томонидан экспортнинг камайиб бориши асосий сабаблардан ҳисобланади.
Гўшт маҳсулотлари
Жаҳон бозорида гўшт маҳсулотлари нархлари март ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 фоизга пасайди. Бироқ сўнгги 6 ой давомида ушбу маҳсулот нархларида ўсиш кузатилмоқда.
2021 йилнинг I чорагида гўшт маҳсулотлари ўсиши 4,3 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг I чорак якунлари бўйича мол гўшти нархлари асосий савдо ҳамкорларимиз Россияда 2,9 фоизга, Қозоғистонда 1,2 фоизга, Қирғизистонда 5,1 фоизга ўсди.
АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) маълумотларига кўра, дунёда жами гўшт ишлаб чиқариш 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 2 фоизга камайди ва 257,9 млн тоннани ташкил этди.
2021 йилда дунё миқёсида гўшт ишлаб чиқариш ҳажмининг 2,8 фоизга ўсиши, жумладан, мол гўшти 1,6 фоизга (0,97 млн тонна) ва товуқ гўшти 1,5 фоизга (1,47 млн тонна) ошиши прогноз қилинмоқда.
Бироқ гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши талабнинг ортиб боришига нисбатан секинроқ суръатларда шаклланмоқда. Шунингдек, озуқа маҳсулотлари нархларининг қимматлашиб бориши жаҳон бозорида гўшт нархининг юқори даражада сақланиб қолишининг асосий омилларидан ҳисобланади.
Буғдой
Жорий йил январ–феврал ойларида буғдой нархлари дастлаб ўсувчи, март ойига келиб эса пасаювчи тенденцияни намоён қилди. Бунда ўтган 3 ойда нархлар 8,5 фоизга қимматлашди.
АҚШ ва Қора денгизбўйи давлатларида кузги буғдой ҳосили билан боғлиқ хавотирлар, шунингдек, Россиянинг протекционистик сиёсати ҳамда бир қатор йирик бозорларнинг импортга бўлган кучли талаби фонида буғдой захираларининг камайиш эҳтимоли ортиб бормоқда. Халқаро таҳлилчиларнинг апрель ойи прогнозларига кўра, 2021 йилда дунё бўйича жами буғдой ҳосили ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларда, жумладан, Осиё минтақасида аҳоли сони ва даромадларининг ортиши дунё бозорида истеъмол товарлари учун юқори талабни вужудга келтиради. Бунда буғдой захираларнинг 1,5 фоизга камайиши кутилмоқда. Шунга қарамасдан, 2021 йил учун дунёда буғдой ҳосили бўйича ижобий кутилмаларнинг мавжудлиги боис ушбу маҳсулотнинг нархи барқарор шаклланиши прогноз қилинмоқда. Йил сўнгига қадар 1 тонна буғдойнинг ўртача нархи 290 доллардан 250 долларгача пасайиши мумкин.
Шакар
Ўтган январ–март ойларида жаҳон бозорида шакар нархи 10,4 фоизга қимматлашди.
Нархларнинг сезиларли ўсишини жаҳон бозорида нефт нархининг ошиб бориши шароитида алтернатив ёқилғи ҳисобланган биоёқилғига талабнинг сезиларли ошгани билан изоҳлаш мумкин.
Бунда биоёқилғини ишлаб чиқаришда шакарқамишдан олинадиган этанол маҳсулотидан фойдаланилгани боис жаҳонда ушбу товар нархларига қўшимча босим вужудга келмоқда.
Шунингдек, Ҳиндистонда транспорт контейнерлари етишмаслиги муаммоси шакар экспортига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ушбу ҳолат 2021 йилнинг I ярмига қадар давом этиши мумкин.
АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти ҳисоб-китобларига кўра, асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатларда 2020–2021 йилги мавсумда шакар ишлаб чиқариш сезиларли даражада (16 млн тоннага) ошади.
Хусусан, Бразилияда ҳосил 12,1 млн тоннага кўпайиши кутилмоқда. Ҳиндистонда эса 2020–2021 йилги мавсумда шакар ишлаб чиқариш 17 фоизга ўсиб, йиллик 33,8 млн тоннага етади.
2021 йил учун жаҳон миқёсида шакар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмининг ижобий прогнозлари унинг ташқи бозорлардаги нархлари барқарорлашишига хизмат қилади.
Мавзуга оид
19:16 / 12.12.2024
“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк
13:16 / 12.12.2024
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
17:52 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди
14:41 / 11.12.2024