Ўзбекистон | 08:34 / 19.05.2021
3471
2 дақиқада ўқилади

«Метеоинфоком» марказининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ҳузурида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 17 ноябрдаги қарорини амалга ошириш доирасида “Ўзгидромет” ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ташкил этилган.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • гидрометеорология хизмати самарадорлигини ошириш, электрон хизматларнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлайдиган замонавий интеллектуал тизимлар, ахборот ресурслари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш;
  • гидрометеорология хизматининг технологик инфратузилмасини ривожлантириш, электрон ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш ва гидрометеорологик ҳамда сунъий йўлдош маълумотлари билан алмашиш учун ягона телекоммуникация тармоғини яратиш;
  • катта ҳажмдаги рақамли маълумотларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш, гидрометеорологик ва сунъий йўлдош маълумотларини моделлаштириш учун юқори тезликка эга компьютер марказларидан кенг фойдаланиш;
  • гидрометеорология хизмати ходимларининг, айниқса, катта ҳажмдаги рақамли маълумотлар, компьютер моделлаштириш, сунъий йўлдош технологиялари ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги кўникмаларини ошириш.

Марказ ходимларига “Ўзгидромет” ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби қўлланилади.

Марказни жорий сақлаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимлари меҳнатини қўшимча моддий рағбатлантириш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Мавзуга оид