Иқтисодиёт | 14:44 / 21.05.2021
17700
4 дақиқада ўқилади

«Бундан буёғига давлат бизнес билан шуғулланмайди» — Мухтор Умаров

Иқтисодиёт Ассамблеяси раиси Мухтор Умаров 20 май куни ўтказилган тадбиркорлар билан учрашувда инвесторлар жалб қилиш йўлларига оид фикрлари билан ўртоқлашди.

Мухтор Умаров

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ташкилот раиси ҳар бир тадбиркор учун ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис қилиш ва бирлашиш даври келганини айтган.

«Бундан буёғига давлат бизнес билан шуғулланмайди. Шундай қилишга уринганда кўрдик: коррупция, монополия илдиз ота бошлади ёки олдинга эмас, орқага қараб юриш кетяпти.

Энди биз — тадбиркорларнинг уйимизда бемалол ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий масъулиятни ҳис қилиш вақти келди. Ортимизда бутун бир жамият турибди.

Бир гап айтаман: зиммамизда Россия ёки Туркияда ишлаб юрган юртдошларимизнинг ҳам жавобгарлиги бор. Агар биз уларга етарли шароит яратиб берганимизда, шу ерда ишлаётган бўлишарди. Ҳозир юртимизда малайзиялик тадбиркорлар меҳмон бўлиб туришибди. Улар Ўзбекистонга инвестиция олиб киришда ҳали бошланғич даражада эканини айтишди.

Муаммоларнинг ҳозирги ечими — хорижлик ҳамкорлар билан яхши ишлашимиз зарур. Яқинда Туркияга бориб келдик. У ердаги тадбиркорлар Хитойга ҳам мол сотишаркан. «Сизларга маза-а? Озиқ-овқат кўп. Олдингизда 1,5 миллиард одами бор Хитой бозори турибди. У ер 3 кунлик йўл. Озиқ-овқат сотинглар», - деди.

Мен ҳеч ким қилмаяпти демайман. Қилаётганлар бор, лекин жуда кам. Биз ташқарига (хорижга, экспорт маъносида — таҳр.) чиқа олмаяпмиз. Бу катта муаммо. Буни қилиш зарур. Ўзбекистонга йирик тадбиркорлар керак. Кичик тадбиркорлар тезроқ катта тадбиркорларга айланиши лозим.

Аввало, ўз бозоримизни эгаллашимиз керак. Йўқса, уни эртага чет элликлар келиб эгаллайди. Қаерда тадбиркорлар кучли бўлса, олдин ўз бозорини эгаллайди. Масалан, Туркия бозорини эгаллаш қийин. Чунки у ерда миллиард долларлаб пул тикадиган тадбиркорлар кўп. Лекин бизда аксарият чет элликлар бизнес қилиб, катта маблағларни олиб чиқиб кетяпти.

Биз тор ўйлашимизнинг асосий сабаби – фақат ички бозорни ўйлашимизда. Бизнинг 34 миллионлик бозоримиз бор, холос. Сиз экспорт ҳақидаги статистикаларга эътибор беринг. Экспортимизнинг ярми тилла ва газ ҳиссасига тўғри келади. Бизда текстил, туризм ва бошқа ўнлаб соҳаларда катта имкониятлар мавжуд.

Айтмоқчиманки, бирлашиш вақти келди. Нега кўпчилигимиз чет элликлар ҳамкорликка келса уялиб қоламиз? Чунки бизда илм етишмаяпти. Лекин ҳаракат қилиш зарур.

Ҳозирда 2050 йилгача экспортни ўстириш бўйича стратегия тузяпмиз. Юртнинг ривожи, эртага келадиган авлодлар учун ҳам яхши ҳаёт ташлаб кетишимиз керак. Ҳозир сизнинг бизнесингиз 100 минг долларлик бўлса, уни 10 миллион долларликка чиқаринг. Шунда келажак учун янада яхши имкониятлар ҳозирлаган бўласиз», - деди Мухтор Умаров.

Аввалроқ, Ассамблея раиси олдинда турган энг муҳим масала илмни ривожлантириш ва уни бизнес билан интеграция қилиш экани, бу борада анча ортда қолиб кетаётганимиз ҳақида гапирганди.

Шунингдек, Мухтор Умаров совет давридан қолган экспорт режаси, махсус банк хизматларининг йўқлиги, экспорт қилувчиларга жарималар қўллаш амалиёти борлиги каби муаммолар экспортчи тадбиркорларни қийнаб келаётганини таъкидлаганди.

Мавзуга оид