Ўзбекистон | 18:24 / 30.10.2021
10796
2 дақиқада ўқилади

“Туркия ёки БАА охирги 30 йилда эришган ривожланишга 10 йилда эришмоқчимиз” — Мухтор Умаров

Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров Ўзбекистонда Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларнинг босиб ўтган 30 йиллик ривожланиш йўлини 10 йилда босиб ўтиш имконияти мавжудлигини айтди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилишга оид халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатга инвестиция киритиш борасида қилиниши зарур бўлган ишлар, соҳадаги муаммолар ва чет эллик сармоядорлар учун қулай муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуман ташкилотчиларидан бири, Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаровнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, амалга оширилаётган янги лойиҳалар натижасида республика иқтисодиётида юқори ривожланиш бўлиши кутилмоқда.

Мухтор Умаров

“Ҳозирда Invest Hub лойиҳасини амалга оширяпмиз. Лойиҳа ҳукумат, талабалар, тадбиркорлар ва чет эллик ҳамкорларимизга бирлашиб ишлаш имконини беради.

Олий мақсадимиз – ривожланган ёки ривожланиб келаётган давлатларнинг охирги 20-30 йилдаги натижаларига 5-10 йилда эришиш. Масалан, Туркия ёки Бирлашган Араб Амирликлари босиб ўтган 30 йиллик ривожланиш йўлини узоғи билан 10 йилда босиб ўтишни режа қилганмиз. Аниқ режаларга асосланган ҳолда чет элдаги ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашиб мазкур платформани ишга туширдик”, дейди Умаров.

Яна бир ташкилотчи, Boursa national компанияси директори Азамат Акбаров эса хорижий инвестицияларга тўсиқ бўлаётган бир неча омилларни санаб ўтди.

Азамат Акбаров

“Миллионлаб долларлик инвестициянинг кириши муаммо эмас, уни амалга ошириш, лойиҳалаштириш мураккаб. Бунинг учун салоҳиятли кадрларга эҳтиёж юқори.

Ўзбекистонга инвестиция киришидаги энг асосий тўсиқлардан бири бу ишонч. Хорижий инвестор ўзининг инвестиция хавфсизлигини истайди.

Иккинчи масала, сифатли кадрлар керак.

Шу билан бирга, бюрократия ва қоғозбозлик инвесторни қўрқитиши табиий бўлган тўсиқлардан бири”, деди у.

Аввалроқ мингга яқин турк компаниясини Ўзбекистонга олиб кириш режа қилинаётгани айтилганди. Бунинг натижасида умумий қиймати 1,2 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинган.

Мавзуга оид