Жаҳон | 08:08 / 21.05.2021
57013
11 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС сулҳ тузишга келишиб олди

Исроил ҳукумати пайшанба кунги йиғилишда Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳи билан сулҳ тузиш бўйича қарор қабул қилди. 11 кунлик низода 200дан ортиқ киши ҳалок бўлди, уларнинг аксари фаластинликлар.

Фото: AFP

The Jerusalem Post маълумотига кўра, Исроил хавфсизлик масалалари бўйича комиссия вакиллари Ғазо сектори бўйлаб зарбаларни тўхтатиш учун бир овоздан қарор қабул қилган.

«Исроил хавфсизлик кабинети хавфсизлик хизматининг барча вакилларининг тавсиясини бир овоздан қўллаб-қувватлади […] Мисрнинг ўт очишни тўхтатиш бўйича ташаббуси қабул қилинди», - дейилган ҳукумат баёнотида. Исроил кабинети сўнгги кунларда олиб борилган кампания давомида Исроил «улкан ва бемисл ютуқлар»га эришгани қайд этилган.

Журналистлар маълумотига кўра, жума кунига ўтар кечаси соат 2:00да (Тошкент вақти билан соат 4:00) ўт очишни тўхтатиш режими кучга киради. ҲАМАС вакили ҳам Reuters мухбирига, ўт очишни тўхтатиш режими 21 май куни соат 2:00да бошланишини маълум қилган. Аммо Исроил баёнотида сулҳ «кейинроқ» бошланиши айтилган.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга Миср воситачилигида эришилди. The Jerusalem Post нашрининг Миср хавфсизлик хизматларидаги манбаси хабар қилишича, сулҳнинг барча деталлари ҳали тайёр қилинмаган.

Ўт очиш тўхтатилиши ҳақида эълон қилиниши ортидан Исроил жанубида тревога сиреналари янгради, бу Ғазо секторидан яна ракеталар учирилганини англатарди. Фаластиндаги нашрлар ҳам секторга берилган янги авиазарбалар ҳақида хабар қилди.

Исроилдаги вазият 11 кун муқаддам кескинлаша бошлаганди. Фаластин томони маълумотларига кўра, айни вақтгача секторда тинч аҳоли вакилларидан камида 232 киши ҳалок бўлган, шундан 100 нафарга яқини аёллар ва болалар. Исроилнинг тасдиқлашича, ҳалок бўлганларнинг камида 150 нафари ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳи вакиллари эди.

Исроилда ракета зарбалари туфайли қурбон бўлганлар сони 12 нафарни ташкил этган, шундан икки нафари болалар. Одамлар соатлаб панагоҳларда ўтиришга мажбур бўлишди, уларнинг айримларининг қайтишга жойи йўқ эди - ракеталар уйларни вайрон қилди. Бундай ҳолатлар Петах-Тиква, Ашдод ва Ашкелон шаҳарларида кузатилди.

Хавфли соатлар

BBC’нинг Ғазодаги корреспонденти Рушди Абуалуфнинг хабар беришича, сулҳ тузилиши эълон қилинишидан олдин томонлар ҳарбий ҳаракатларни кучайтираётганди.

Ғазо, 20 май тонги. Бу сафарги ҳарбий амалиёт Ғазо сектори инфратузилмасига сўнгги йиллардаги энг жиддий зарар етказган амалиёт бўлди.

«Сулҳ эълон қилинишидан олдинги сўнгги бир неча соат ҳамиша энг хавфли паллалар бўлади: исроилликлар интенсив тарзда авиазарбалар йўллаб, фаластинликларни ракеталар билан ўққа тута бошлайди. Икки томон ҳам сўнгги ўқни ўзи отганини намойиш этишни истайди», деган у.

Аввалроқ Исроил ҲАМАСнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини эътиборсиз қолдирган, аммо мамлакат бош вазири Биньямин Нетаняҳу «Девор муҳофазаси» номли ҳарбий амалиёт исроилликларнинг тўлиқ хавфсизлиги таъминлангунга қадар давом этишини айтиб ўтганди.

Ўтган тунда ва пайшанба куни тонгида ҳам Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракеталар учирилиши давом этганди. Исроил авиацияси эса ҲАМАСнинг сектор шимолидаги инфратузилмалари бўйлаб 100дан ортиқ зарба берганди.

Пайшанба куни Исроил армияси Ғазони ўққа тутишда давом этди

Ахборот агентлиги Ғазодаги Дейр-ал-Балах ва Хан-Юнис шаҳарларига авиаҳужумлар оқибатида рўй берган портлашлар ҳақида хабар берган. Хабар қилишларича, Хан-Юнисда камида бешта турар жой биноси вайрон бўлган. Шунингдек, Ғазодаги тижорий ҳудуд ҳам ҳужумга учраган.

Исроилликлар қўмондонлигининг тасдиқлашича, Хан-Юнисда ҲАМАС қўмондонларининг камида учта уйига, Рафаҳда эса битта шундай уйга ҳужум қилинган. Исроилликларнинг сўзларига кўра, уларнинг нишони ҲАМАС ҳарбий инфратузилмаси, хусусан, Ғазо шаҳридаги қурол омборхонаси бўлган.

Исроилликлар қўмондонлиги маълумотларига кўра, тонгги соатларда гуруҳнинг офислари жойлашган икки бино вайрон этилган, шунингдек, бир қанча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракета учирувчи қурилмалар йўқ қилинган.

«Ассошиэйтед пресс» агентлиги пайшанба куни бир фаластинлик ҳалок бўлиб, яна икки киши яралангани ҳақида хабар берган.

Исроилга Германия, Чехия ва Словакия ташқи ишлар вазирлари келишди, уларга фаластинликларнинг ракеталари Тель-Авивдан 10 км масофадаги Петах-Тикве шаҳридаги уйларга қандай зарар етказгани намойиш этилди.
Германия ташқи ишлар вазири Хейко Маас ва унинг исроиллик ҳамкасби Габи Ашкенази Петах-Тикведаги вайрон бўлган уйда

АҚШ президенти Жо Байден исроилликлар бош вазирини Ғазодаги ҳарбий амалиётни тўхтатишга чақирган, аммо Нетаняҳу амалиёт кўзланган мақсадга эришиши керак деган фикрни билдирган - у ҲАМАСнинг ҳарбий инфратузилмаси йўқ қилиниши ва бу орқали узоқ муддатли тинчликка эришиш мумкин деб ҳисоблаган.

Барчаси нимадан бошланганди
Ғазо секторидаги вазият 10 май куни кескинлаша бошлаганди. Ўтган вақт мобайнида Исроилга 3,5 мингдан ортиқ ракета отилди, Исроил ҳам Ғазо сектори бўйлаб юзлаб авиазарбалар берди.

Фаластин-Исроил зиддиятининг сўнгги воқеалари қандай ривож топди
Исроил ва Ғазо секторидаги фаластинликлар ўртасида сўнгги йиллардаги энг шиддатли жанглар юзлаб кишилар ўлимига сабаб бўлди. Бунга қадар қарийб бир ой мобайнида кескинлик кучайиб келаётганди. Можаро ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетиши қандай кечди?

13 апрель

Шарқий Қуддусда фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашувлар бошланди. Фаластинликлар уларнинг Рамазон ойининг биринчи кунида Ал-Ақсо масжидида тўпланишининг олдини олиш учун эски шаҳарга олиб борувчи Дамашқ дарвозасига тўсиқлар ўрнатилганидан норози бўлишганди.

Фаластинликларнинг норозилигини кучайтирган яна бир сабаб Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос Исроилни Шарқий Қуддусдаги фаластинликлар учун ҳам овоз бериш жараёни ташкил этишда айблаб белгиланган сайловларни бекор қилгани бўлди.

Аббоснинг рақиби ҳисобланган, Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ташкилоти ҳам бу сайловларда иштирок этишни мақсад қилганди ва сайлов кечиктирилишидан ғазабланди. Дамашқ дарвозаси олдида ва Шарқий Қуддуснинг бошқа қисмларида рўй берган тартибсизликлар ҳар кеча кузатила бошлади.

15-16 апрель

Ғазодан Исроилга ракеталар учирилди, Ғазо билан муносабатлардаги бир муддат жимжитликдан кейин Исроил ҳам ҳаводан жавоб зарбалари йўллай бошлади.

19 апрель

Яҳудийлар ва араблар аралаш яшайдиган порт шаҳар Яффада тартибсизликлар бошланди.

20 апрель

Ижтимоий тармоқларда фаластинликлар ортодоксал яҳудийларга ҳужум қилгани акс этган видеолар тарқалгач, Қуддусда яҳудий ёшлар аксилараб шиорларни ҳайқириб арабларга ҳужум қила бошлади.

23 апрель

Ўта ўнг кайфиятдаги юзлаб исроилликлар араблар яҳудийларга ҳужум қилишига норозиликни ифодалаган ҳолда Дамашқ дарвозасигача марш қилиб боришди. Радикал кайфиятдаги яҳудийлар ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувларга полиция аралашди, натижада ўнлаб кишилар жароҳатланди. Зўравонликлар тўлқини шаҳарнинг бошқа қисмларига ҳам ёйилди.

24 апрель

Фаластинликлар Ғазо секторидан туриб яна Исроил ҳудудини ракета билан ўққа тутди, бунга жавобан исроиллик ҳарбийлар ҳаводан рақиб объектларини нишонга олди.

2 май

Президент Маҳмуд Аббоснинг ФАТҲ ҳаракати ва ҲАМАС Шарқий Қуддусдаги Шайх Жарроҳ кварталидан бир неча фаластинлик оила кўчириб юборилиши бўйича режани қоралашди. ҲАМАС вакиллари арабларни қаршилик кўрсатишга чақирди.

Кейинги бир неча кун давомида мазкур ҳудудда намойишчилар ва полиция ўртасида доимий тўқнашувлар кузатилди, бу ҳам фаластинликларнинг норозилигини алангалатган омиллардан бири бўлди.

4 май

ҲАМАС Ғазодан Исроил ҳудудига ёндирилган ҳаво шарлари жўнатди ва бу ўнлаб ёнғинлар келтириб чиқарди.

7 май

Исроил хавфсизлик кучлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига қарата ўт очиши оқибатида икки фаластинлик жангчи ҳалок бўлди, яна бири яраланди. Исроил армияси вакиллари бу гуруҳ Исроил ҳудудига йирик ҳужум режалаштираётгани ҳақида маълум қилди.

Рамазон ойидаги сўнгги жума намозидан кейин Ал-Ақсо масжиди атрофида шиддатли тўқнашувлар бошланди ва унинг давомида 200дан ортиқ киши яраланди. Тош ва бутилкалар ирғитилишига жавобан Исроил полицияси пластик ўқлар ва шовқинли гранаталар қўллади.

8 май

Минглаб намозхонлар Ал-Ақсодаги ибодатни якунлаганидан кейин Шарқий Қуддусда қаторасига иккинчи кун полиция билан тўқнашувлар давом этди. Полиция Дамашқ дарвозаси олдига сув тўпларини (водомётлар) олиб келди, тошлар улоқтираётган фаластинликларга қарши пластик ўқлар билан бирга кўздан ёш сиздирувчи газ қўллана бошланди. Натижада 120 нафардан ортиқ фаластинлик ва 17 полициячи жабрланди.

9 май

Исроил олий суди Шайх Жарроҳдаги оилалар кўчирилиши бўйича ишдаги суд тингловини кейинроққа қолдирди. Лекин кескинлик пасаймади, Шайх Жарроҳ квартали ва Дамашқ дарвозаси олдида полиция ва фаластинликлар билан янги тўқнашувлар бўлиб ўтди.

10 май

Эрта тонгда Ал-Ақсо ҳудудида фаластинликлар ва полициячилар ўртасида янги тўқнашувлар тўлқини бошланди, одамлар тошлар улоқтиришди, полиция шовқинли гранаталарни ишга солди. Фаластинликлар норозилигининг янги тўлқинига Қуддус куни (Исроилда бу кун 1967 йилда ерлар қайтариб олинган кун сифатида нишонланади – фаластинликлар эса ерлар босиб олинган деб ҳисоблашади) муносабати билан режалаштирилган марш ҳам сабаб бўлди.

Марш асосан араблар яшайдиган Эски шаҳар туманлари бўйлаб ўтиши керак эди, фаластинликлар эса буни провокация сифатида қабул қилишди. Маршрут сўнгги лаҳзаларда ўзгартирилади, аммо бу кескинликни пасайтира олмайди ва янги тўқнашувлар келиб чиқиб, фаластинликлардан 300дан ортиқ киши, полициячилардан эса 21 киши жароҳатланишига олиб келади. ҲАМАС Исроилга  ультиматум қўйиб, соат 18:00га қадар муқаддас масжид ва Шайх Жарроҳ кварталидан аскарларни ва полициячиларни олиб кетишни талаб қилади.

Бу талаб бажарилмагандан кейин эса кўп йиллардан буён илк марта Қуддус ҳудудига ракеталар учиб келади. Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу «жангарилар қизил чизиқ»ни босиб ўтишгани ҳақида маълум қилди, Исроил ҳаво зарбалари билан жавоб берди ва ҲАМАСнинг уч аскари ўлдирилди. Зарбалар алмашинуви давом этиб, 2014 йилдаги урушдан кейин илк марта шафқатсиз тўқнашувлар бошланиб кетди.

7 май куни Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди яқинида исроилликлар ва араблар ўртасида илк тўқнашувлар рўй берганди. Жума намозига келган эркаклар Исроил олий судининг бир неча оилани Қуддуснинг шарқий қисмидан кўчириш тўғрисидаги қарорига қаршилик сифатида исроиллик полициячиларга тошлар билан ҳужум қилди.

Кўчалардаги тартибсизликлар уч кун давом этди ва икки томондан 300дан ортиқ киши жароҳатланди.

9 май куни Исроил хавфсизлик кучлари Ибодатхона тоғини ўраб олди ва бу орқали яҳудийлар Қуддус кунини нишонлаши учун шароит яратилди.

Жаҳон ҳамжамияти Шарқий Қуддус Исроил томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди.

10 май куни ҲАМАС Исроил бўйлаб юзлаб ракеталар учирди, шундан кейин Исроил армияси «Девор муҳофазаси» номли ҳарбий амалиёт бошлангани ҳақида эълон қилди.

Мавзуга оид