Арманистонлик олти ҳарбий Озарбойжон чегарасида асирга олинди
Озарбойжон ва Арманистон ўртасида навбатдаги ҳарбий кескинлик юзага келди. Расмий Боку мамлакат ҳудудини миналаштириш билан шуғулланган олти нафар арманистонлик диверсант қўлга олингани ҳақида хабар қилди, Еревандагилар эса миналаштириш чегарани тартибга солиш ишлари доирасида ўтказилганини айтмоқда.
27 май тонгида Озарбойжон Мудофаа вазирлиги соат 03:00лар атрофида Арманистон қуролли кучларининг разведка-диверсия гуруҳи Келбажар туманининг Юхари Айрим аҳоли пункти яқинида «арман-озар чегарасини бузиб ўтгани»ни маълум қилди.
«Озарбойжон армиясининг чегара яқинидаги позицияларига олиб борувчи таъминот йўлларини миналашга уринган олти нафар ҳарбий хизматчи қуршовга олиниб, қуролсизлантирилди ва асир қилинди», дейилади баёнотда.
Ўз навбатида, Арманистон Мудофаа вазирлиги Гегаркуник областининг чегара ҳудудида муҳандислик ишлари билан машғул бўлган олти нафар ҳарбий хизматчи асирга тушгани ҳақида хабар қилган.
Кейинроқ Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчиси Никол Пашинян арманистонлик ҳарбий хизматчилар миналаштириш ишларини олиб борганини тасдиқлади, аммо диверсия бўйича айбловни рад этди.
«Бизнинг ҳарбий хизматчилар Озарбойжон билан чегарани тартибга солиш бўйича иш олиб бориб, огоҳлантирувчи белгилар билан миналар жойлаштирган, диверсия мақсади бўлмаган», деган у ҳукумат йиғилишида.
«Ҳодиса бизнинг ҳудудда содир бўлган», дея қайд этган Пашинян («Интерфакс»).
У чегарадаги ҳодиса «Озарбойжон ҳарбийлари кўрсатаётгани каби одатий ҳодиса эмаслиги»ни таъкидлаб ўтган. «Бу Арманистон ҳудудий яхлитлигига ва суверенитетига дахл қилувчи тўғридан тўғри хавфдир», деган Пашинян.
Озарбойжон ТИВ арман ҳарбийлари чегарадан ўтишга уринганини маълум қилиб, буни 2020 йил 10 ноябрида тузилган, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги урушни тўхтатган, Москва воситачилигидаги уч томонлама келишувни бузиш деб атаган. 2020 йил кузидаги урушдан кейин Озарбойжон 30 йилча муқаддам Арманистон томонидан Тоғли Қорабоғдаги эгаллаб олинган ҳудудларнинг деярли барчасини қайтариб олганди.
«Арман диверсантлари гуруҳи Озарбойжон ҳудудига киришга ҳаракат қилди. Бу навбатдаги провокацион акт ва Арманистон томонидан уч томонлама келишувнинг бузилиши ҳисобланади», дея ёзган Озарбойжон ТИВ расмийси Лейла Абдуллаева твиттердаги саҳифасида.
Озарбойжон ТИВ чегарадан бир неча гуруҳ ўтишга урингани ҳақида хабар қилган. «Бу гуруҳлар ўз вақтида аниқланди. Гуруҳлардан биридан икки киши, яна биридан тўрт киши қуролсизлантирилди ва асирга олинди. Диверсантларнинг бир қисми қочиб кетди», дейилади баёнотда.
Арманистон Мудофаа вазирлиги эса қўлга олинган олти нафар ҳарбийнинг фамилияларини эълон қилиб, улар Озарбойжон ҳудудида бўлмаганини яна бир бор қайд этган.
Арманистон-Озарбойжон чегарасининг Гегаркуник ва Сюник областларидан ўтган ҳудудларида вазият 12 майдан кескинлаша бошлаганди, ўшанда Арманистон Озарбойжоннинг кичик ҳарбий қисми чегарадан ўтганини даъво қилиб, КХШТга мурожаат қилганди.
Пашинян Озарбойжон билан чегарадош Сюник областидаги вазият туфайли ҳарбий ёрдам сўраб Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаганини маълум қилган. Озарбойжон томони эса Ереваннинг муносабатини ноўрин деб атаб, Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш бўйича 2020 йил ноябрда тузилган баёнотга кўра, Арманистон билан чегарадош Келбажар ва Лочин туманларида чегара қўшинларини жойлаштириш жараёни бораётганини маълум қилган.
Икки кун муқаддам Гегаркуник областидаги Верин Шоржа қишлоғи яқинида отишма бўлиб ўтган. Арманистон Мудофаа вазирлиги рақиб томони арман постига қарата ўт очганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
00:59 / 21.11.2024