Ўзбекистон | 15:37 / 08.06.2021
3581
1 дақиқада ўқилади

Чимбойда ҳаводан ичимлик суви олиш йўлга қўйилди

Чимбой тумани метеостанциясига атмосфера ҳавосидан ичимлик сувини ишлаб чиқариш «атмосфера сув генератори» (Aирақуа - 7-та тозалаш филтридан иборат) қурилмаси ишга туширилди. Бу ҳақда «ЎЗСУВТAЪМИНОТ» AЖ хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур қурилма ичимлик суви етиб бормаган ва етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган ҳудудларга мослаштирилган. Инновацион технология синов тариқасида йўлга қўйилди. 

Ундан олинаётган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда республикамиздаги бошқа метеостанцияларга ўрнатиш режалаштирилмоқда. Taъкидланишича, ушбу мослама дистилланган сувдан хам тозароқ сув олиш имконини беради.

Қурилма атмосфера ҳавоси намлигига ва ҳароратга қараб кунига тахминан 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви етказиб бериш имконини беради. 

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қорақалпоғистоннинг 14 туманидаги 21 та ҳудудда тоза ичимлик суви чиқарилганди.

Мавзуга оид