Спорт | 13:49 / 08.06.2021
7951
7 дақиқада ўқилади

Евро-2020 олдидан: Испания турнирга қай даража тайёр?

«Кўҳна қитъа» биринчилиги бошланиш арафасида. Миллий жамоалар ушбу мусобақани узоқ вақт мобайнида кутишди ва унга жиддий тайёргарлик кўрилди. Биз ёзнинг энг катта турнири олдидан фаворитлар ва уларнинг имкониятлари ҳақида фикр юритамиз.

Бугун Испания миллий жамоаси эътиборимиз марказида бўлади. «Қизил фурия»нинг кучли ва кучсиз жиҳатлари, чизиқлардаги етакчилар ва умумий имкониятларини чамалаб кўрамиз.

Испания миллий жамоаси 2008 ва 2012 йилларда кетма-кет 2та Европа чемпионатини ютганди. Франция майдонларида кечган сўнгги чемпионатга улар тайёр ҳолатда кела олмади. Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичида қолиб кетган испанларнинг таркиби яна қитъа чемпионлигини қўлга киритадиган ҳолатда эмасди.

Бугунги Испанияни ҳам Европа чемпионатига тўлиқ оптимал таркиб билан ташриф буюряпти, деб айта олмаймиз. Аммо Луис Энрикенинг мураббийлик маҳоратидан умид қилгувчилар орамизда топилади. Таркибда ҳам ўз позициясида дунёдаги энг яхшилар мавжуд.

Дарвоза: Давид Де Хеа

Сўнгги йилларда Де Хеанинг даражаси бироз пастлагани рост. Россия майдонларида бўлиб ўтган мундиалдаги ишончсиз ҳаракатлари клубидаги фаолиятида ҳам яхшигина акс этиб келяпти. «Манчестер Юнайтед» асосий таркибидаги ўрин ҳам секин-аста Дин Ҳендерсонга бой бериляпти.

Миллий жамоада бундай бўлмаётганига сабаб тушунганингиздек рақобатчиларнинг юқори даражада эмаслиги. Кепа «Челси»да буткул захира посбонига айланди. Уни энг қиммат дарвозабон сифатида эслашмоқда, холос. Унаи Симон Примерада яхши ўйин намойиш этаётганига қарамай, у топ-клуб дарвозабони эмас.

Ҳимоя чизиғи: Эмерик Лапорт

Испания миллий жамоаси футболчиларининг бошқа миллат жамоасида ҳам ўйнаш имконияти жуда кўп бўлади. Диего Коста воқеаси ҳамон ёдимизда. Ҳозирда Лапорт Испания шарафини ҳимоя қилишга розилик билдирди. Франция миллий жамоасида марказий ҳимоядаги жиддий рақобат ва унинг катта футболга қадамлари айнан Испанияда қўйилгани ушбу танловнинг амалга оширилишида етакчи омил бўлди.

Рамос сафдан чиққан пайтда, Лапортнинг ушбу танлови Испаниянинг ҳимоядаги бош оғриқларига малҳам бўлди, десак адашмаймиз. Луис Энрикенинг бахтига, 2018 йилда Эмерикни ўртоқлик ўйинларига чақирган Дешам уни захирада қолдирган экан. Акс ҳолда, «қизиллар» марказий ҳимояси ўртамиёна даражали футболчиларга қолиб кетарди.

Яримҳимоя: Родри

Ҳа, Испанияда яримҳимоячилардан муаммо ҳеч қачон бўлмаган. Ушбу чизиқдаги энг кучли футболчини танлаб олиш ҳам қийин масала. Биз ҳужумкор яримҳимоячиларни эмас, майдон марказида балансни ушлаб турувчи Родрини яримҳимоянинг энг муҳим футболчиси сифатида эътироф этмоқдамиз.

Таянч яримҳимоянинг бугунги кундаги энг кучли вакилларидан бири ҳисобланадиган «Манчестер Сити» футболчисидан Европа чемпионатида катта нарсалар кутилмоқда.

Премьер-лига ғолиби ва Чемпионлар лигаси финалчиси таркибда эканлигидан Энрике ғурурланса арзийди.

Ҳужум: Ферран Торрес

Биз «Манчестер Сити» эмас, Испания миллий жамоаси ҳақида сўз юритаётганимизни эслатиб ўтмоқчимиз. Англия чемпионлари Пеп Гвардиола қўл остида. Испаниялик мутахассис испан футболини яхши билади ва ўз жамоасига ҳамюртларини олиб келишни яхши кўради. Ўз навбатида бу яхши эффект беришини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Ферран Торресни «Валенсия»дан харид қилаётган пайтда Гвардиолага ҳайратомуз саволлар берувчилар кўп топилди: Уни қаерга жойлаштириш мумкин? Пеп ўз ишини яхши билишини мана шу ерда кўрсатиб қўйди. Пандемия сабаб жароҳатлар гирдобида қолаётган рақибларини тинимсиз ротация эвазига доғда қолдирди. Премьер-лига ва ЕЧЛда ўртамиёна рақибларга қарши етакчиларга дам бериш кўпинча грандларга панд бериб қўяди. Аммо «Сити» мавсум давомида бу борада анча ишончли ҳаракат қилди. Ферран Торрес мана шу каби ўйинларда майдонга тушиб, ўз ҳисобига бир қатор голларни ёздириб қўйишга эришди. Техник жиҳатдан анча кучли ўйин намойиш этувчи Ферран реализация масаласида ҳам сифатли бўлиб чиқди. Энди Энрике ундан тўғри фойдаланиши даркор.

Мураббий ва унинг тактикаси

Луис Энрике «Барселона» билан сўнгги маротаба ЕЧЛни ютган мураббий ҳисобланади. Унинг услубини тўлиқлигича ўз ижоди маҳсули, деб бўлмайди. Сабаби, бугунги Испания бир вақтнинг ўзида ҳам Дель Боске, ҳам Гвардиола услубида ўйин ўтказади. Таркибдаги «Манчестер Сити» футболчиларини бежизга энг муҳимлари қаторида эътироф этмадик. Испанлар Гвардиола «тики-така»сини Дель Боскенинг страйкер учун ўйнаш услубига уйғунлаштириб юборган. Яъни, «Манчестер Сити» ўйинига эътибор қаратадиган бўлсангиз, унда яққол марказий ҳужумчини кўрмайсиз. Худди шу типдаги футболчи сифатида Манчестерга олиб келинган Габриэл Жезус яримҳимоячилардек ўйнай бошлади. Соф ҳужумчи Агуэро «шаҳарликлар»ни тарк этди. Ўйинлар аввалидаги тактик схемаларда марказий ҳужумчи сифатида баъзан Фоден, баъзан Де Брюйне ва ҳатто Гундўғанни ҳам кўрамиз. Дель Боске эса доим марказий «таран» ҳужумчи билан ўйнаган. У ҳужумчидан прессингда тўлиқ иштирок этишни талаб қилмайди. Луис Энрике бошчилигидаги жамоада Херар Морено, Альваро Мората каби футболчилар айнан шундай ўйин намойиш этмоқдалар.

Европа чемпионатида Испания марказий ҳимоясида иккита «гигант» футболчини кўришимиз кутиляпти: Эмерик Лапорт ва Пау Торрес. Лапорт миллий жамоада янги. У ҳали жамоага тўлиқ мослашиб кетмаган бўлиши мумкин. Пау Торресда тезлик борасида муаммо бор. Рақиблар бу борада айни шу жиҳатга эътибор қаратишлари турган гап. Бироқ, бу йўлда Родри масаласини ҳам ўйлаб кўришларига тўғри келади. Шунингдек, Аспиликуэтанинг марказий зонадаги тажрибаси ҳам жамоадошларининг хатоларини ёпиб кетишга ёрдам бериши табиий.

Испания ҳужумда анча хавфли ўйнаши кутилмоқда. Ҳужумчилар ва ҳужумкор яримҳимоячилардан ташқари яна 2 нафар лотераль қанот ҳимоячилари рақиб мудофаасига жиддий ташвиш туғдириши мумкин. Бунда Энрике жамоасини ташвишга соладиган ягона жиҳат таркибда ёш футболчиларнинг кўплиги. Боиси, улар катта ўйинларда кераксиз жойда хатога йўл қўйиб, жамоадошларини қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Футболчилардаги ижодкорлик масаласида Испания миллий жамоасида муаммо бўлган пайтни эслаш мушкул, очиғи.

Рақамлар

Испания Европа чемпионати саралашини мағлубиятсиз якунлади. Сўнгги 6 ўйиннинг барчасида ғалабага эришди. Барча турнирлардаги ўйинлар ва ўртоқлик беллашувларида эса натижалар у қадар барқарор эмас. Сўнгги 10та ўйиндаги статистика 4 ғалаба, 5 дуранг ва 1 мағлубиятдан иборат.

Саралаш доирасида 31та гол урган Пиреней яримороли вакиллари 5тагина тўпни ўз дарвозасидан олиб чиқдилар. Гуруҳдаги энг жиддий рақиб Швеция бўлганини инобатга олсак, бу ортиқча алқашга арзийдиган натижа эмас.

Аммо Миллатлар Лигаси охирги турида Германияни 6:0 ҳисоби билан доғда қолдирганини инобатга олсак, ушбу жамоадан кўп нарсаларни кутсак бўлади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Мавзуга оид