Ўзбекистон | 23:07 / 12.06.2021
26733
3 дақиқада ўқилади

Интернетда миллий тест тизими саволлари тарқалди. ДТМ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда миллий тест тизимининг биология ва кимё фанлари бўйича саволлари тарқалди. Давлат тест маркази кимё фанидан саволлар ҳақиқийлигини тасдиқлаб, биология саволларида хатолар борлигини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, миллий тест сертификатига эга абитуриентлар ОТМга киришда ўша фанлардан имтиҳондан озод этилади.

Кимё фанидан интернетда тарқалган 50 та топшириқ ҳақиқийлиги тасдиқланди.

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқувчиларга умумтаълим фанлардан миллий сертификат имтиҳонларининг жавоблари сотилгани ҳақида хабар тарқалди.

Бухоролик фуқаролар тeст жавобларини ўқувчиларга ёдлатгани айтилмоқда. Ҳолатга Давлат тест маркази муносабат билдирди.

Унга кўра, ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт фанларидан миллий тест тизими жорий этилиб, ушбу фанлардан 2 марта тест синовлари ташкил этилган.

Тест синовларини Давлат тест маркази ўтказмоқда. Саволларни эса Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси тузган.

«Тест синовлари жараёни тўлиқ видеокузатув камералари остида ўтказилди.

Тест материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари томонидан тест синови ўтказиладиган биноларга махсус транспорт воситалари орқали махфийлик таъминланган ҳолда тест синови бошланишидан бир соат олдин етказилди.

Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари муҳрланган махсус қоплардаги тест материалларини Давлат тест маркази ходимларидан қабул қилиб олди ва барча материаллар тўлиқ ҳолда Давлат тест марказига қайта етказилиши таъминланди.

Ижтимоий тармоқларда ёзилган мақолаларда келтирилган кимё фанидан тест топшириқларининг айримлари 11 май куни ўтказилган жараёнга тегишли бўлиб, 9 июнь куни ўтказилган имтиҳонда мазкур тест топшириқларидан фойдаланилмаган.

Биология фани бўйича келтирилган тест топшириқлари ҳақиқатан ҳам 10 июнь куни ўтказилган тест синовларига оид. Бироқ у тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан компьютерда терилгани, расмли тест топшириқларида расмларнинг келтирилмагани аниқланди.

Олинган охирги маълумотларга кўра, айрим ўқув марказлари томонидан «бу саволлар тушади» баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилгани маълум бўлди», – дейилади Давлат тест маркази ахборотида.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ДТМ ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, муайян фанлардан миллий тест тизими сертификатига эга абитуриентлар ОТМга киришда ўша фандан имтиҳон топширмаслик ҳуқуқига эга: уларга миллий тест имтиҳонида тўплаган балларига пропорционал равишда балл берилади.

Мавзуга оид