Ўзбекистон | 22:35 / 16.06.2021
46495
3 дақиқада ўқилади

Чилонзор тумани ҳокими ишдан кетди. Президент унга муҳлат берганди

Сирдарё вилояти ИИБнинг собиқ бошлиғи Шавкат Мавлонов Сарвар Маҳаметов ўрнига Чилонзор туманига ҳокимлик қилади.

Бугун, 16 июнь куни Халқ депутатлари Чилонзор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Чилонзор туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, туманда олиб борилаётган ишлар кўламига тўхталиб ўтди ва янги ҳоким номзодини депутатларга тавсия этди.

Сессияда Шавкат Тоҳирович Мавлонов Чилонзор тумани ҳокими этиб тасдиқланди. 

Шавкат Мавлонов

Шавкат Мавлонов 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1999 йилда Ички ишлар вазирлиги академияси, 2012 йилда Ички ишлар вазирлиги академияси олий академик курсини тамомлаган.

У ички ишлар тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган ва 2019 йилдан ҳозирги вақтгача Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Шавкат Мавлонов янги лавозимда Сарвар Маҳаметовни алмаштирди. Сарвар Маҳаметов 2018 йил октябридан буён Чилонзор туманига раҳбарлик қилиб келаётганди. У 2005-2010 йилларда Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани ўринбосари, 2010-2016 йилларда Бектемир тумани ҳокими, 2016-2018 йилларда эса Яккасарой тумани ҳокими бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил январида Юнусобод туманида ўтказилган йиғилиш вақтида Сарвар Маҳаметовни қўйилган топшириқларни бажармагани учун огоҳлантирган ва унга муҳлат берганди.

«Мен Чилонзор тумани ҳокимига топшириқ берганман, қоладими ёки йўқми. Мен уни ишдан олмоқчи эдим, лекин у менга ялиниб, уч ойда эплайман деди», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирганди «Газета.uz».

Президент Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сарвар Маҳаметовни мақтагани ва унга «адвокатлик қилгани»ни таъкидлаб ўтганди.

«Чилонзорда нима ўзгарганини телевизорда чиқиб айтиши керак, одамлар айтиши керак. Тушунарлими ёки йўқ? Менга биров мақтагани керак эмас, адвокат бўлиш керак эмас ҳеч кимга», дея пойтахт ҳокимига ишора қилганди Шавкат Мирзиёев.
 

Мавзуга оид