Ўзбекистон | 21:20 / 17.06.2021
24803
1 дақиқада ўқилади

Сабзи нархи 11 минг сўмгача ошди

9 июндаги ҳисоботда сабзи нархи максимал 9 минг сўмгача сотилаётгани билдирилганди. 17 июн ҳолатига кўра, сабзавотнинг юқори нархи 2 минг сўмга қимматлаб, килоси 11 минг сўмдан сотилмоқда.

Давлат статистика қўмитаси 16 июн куни республикадаги марказий деҳқон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари бўйича ўтказилган кузатув натижаларини маълум қилди.

Ўрганишларга кўра, алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи нархи ўсиб бормоқда.

Сабзининг минимал нархи Бухоро шаҳрининг «Бухоро марказий деҳқон бозори»да 3 минг сўм қайд этилган. Шу билан бирга, мазкур бозорда сабзавотни максимал 9 минг сўмдан харид қилиш мумкин.

Жиззах шаҳрининг «Жиззах марказий деҳқон бозори» ҳамда Тошкент шаҳрининг «Фарҳод деҳқон бозори»да сотувдаги тозаланган ва сараланган 1 кило сабзининг максимал нархи қайд этилган - 11 минг сўм. Ўтган ҳафтада маҳсулотнинг энг юқори нархи 9 минг сўм эди.

Аввалроқ, қўмитанинг 9 июн кунидаги ўрганишлари натижаси эълон қилинганди. 17 июндаги кузатувларга қараганда, сабзидан бошқа барча маҳсулотлар нархи деярли ўзгармаган.

Мавзуга оид