“Синай муҳри”, керакли ҳужжатлар – “Эҳромлар юрти” визаси ҳақида
UzbekLife визалар мавзусини давом эттиради. Ушбу мақола орқали Миср визаси, уни олиш тартиби, керакли ҳужжатлар, тўловлар ва талаблар хусусида сўз юритамиз.
Миср визаси Қоҳира, Александрия, Луксор, Асьют, Хургада, Марс-Алам ҳамда Шарм-эль-Шейхдаги аэропортларда, шунингдек, сув транспорти орқали Нувейба ҳамда Асуана портларида (дарё орқали) келгач расмийлаштириши мумкин. Афсуски, МДҲ мамлакатлари фуқаролари, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Миср давлати визасини олиш учун олдиндан Тошкент шаҳридаги Миср элчихонасига ҳужжат топширишлари шарт.
Кириш визаси
Халқаро сайёҳлар учун бир марталик кириш визаси мамлакатга етиб келгач исталган кириш нуқтасида амалга ошириш мумкин. Фақатгина Исроил билан чегарадош қисмидаги кириш пунктида сайёҳ паспортига “Синай муҳри” босилади. Халқаро туристларда мамлакатга кириш учун хорижга чиқиш паспорти ҳамда қайтиш билети бўлиши етарли. Бунда паспорт амал қилиш муддати виза бериладиган кундан эътиборан 6 ой муддатдан кам бўлмаслиги зарур.
Кириш вақтида бериладиган турист визаси муддати виза расмийлаштирилган кундан бошлаб 1 ойни ташкил этади.
Юқорида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон фуқаролари виза олиш учун Тошкент шаҳридаги Миср элчихонасига қуйидаги ҳужжатларни шахсан топширишлари шарт:
- Хорижга чиқиш паспорти (виза бериладиган кундан эътиборан паспорт амал қилиш муддати 6 ой муддатдан кам бўлмаслиги зарур);
- Меҳмонхона брон қилинганлиги ва кунлик тўловлар тўланганлиги тўғрисида квитанция;
- Бориш-келиш авиа чипталари;
- Тўлдирилган анкета;
- 2 та рангли фотосурат (3х4 см).
Таълим визасига ҳужжат топширилганида талаб қилинадиган қўшимча ҳужжатлар:
- Тиббий суғурта;
- Университетда ўқиш учун ОТМ томонидан ёзма таклифнома;
- Молиявий ҳолат тўғрисида банк маълумотномаси;
- Аввалги таълим муассасаларининг диплом ва сертификатлари нусхалари.
Одатда виза расмийлаштириш муддати 3-5 иш кунини ташкил этади.
Аэропортда виза олиш вақтида хорижга чиқиш паспортига махсус виза маркаси ёпиштирилади. Отаси ёки онасининг паспортига исми шарифи келтирилган болалар учун виза берилмайди ва кириш учун ҳақ ундирилмайди.
Миср визаси турлари
Мисрга кириш учун олиниши нисбатан кўпроқ ва осонроқ бўлган рухсатнома бу “Синай муҳри” саналади. Аммо, ташрифингиз муддати узоқроқ бўлса, унда расмий виза олиш зарур.
Ташриф мақсадига кўра, Миср визалари бир неча турга бўлиниши мумкин:
- Турист визаси – тарихий обидалар ёки кўнгилочар масканларга дам олиш мақсадида ташриф буюрувчиларга;
- Ишчи визаси – мамлакат ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун таклиф қилинган фуқароларга;
- Касбий виза – денгизчи, журналист, учувчилар ва дипломатлар учун таклиф қилувчи томон ташаббусига кўра тақдим этилади;
- Бизнес визаси – бизнес, ўзаро ҳамкорлик, шартномалар тузиш ва ҳоказолар мақсадида ташриф буюрувчиларга;
- Таълим визаси – Миср давлатидаги таълим муассасаларида ўқиш мақсадида ташриф буюраётган шахсларга (жумладан вояга етмаганларга ҳам) берилади;
- Келинлик визаси – оила қуриш келишуви тузилгач берилади. Унинг амал қилиш муддати 6 ой бўлиб, мазкур виза эгаси берилган 6 ой муддат ичида Миср фуқароси билан никоҳдан ўтиши шарт;
- Резидент визаси – бу Миср фуқароси саналган шахснинг турмуш ўртоғига ёки мамлакат ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлган шахсларга нисбатан расмийлаштирилади.
Миср визаси муддатини узайтириш
Сайёҳлар виза муддатини узайтириш ҳамда кириш сонини ўзгартириш масаласида исталган йирик шаҳардаги Миср ИИБга мурожаат қилишлари мумкин. Қоидага кўра, масала ўз жойида ҳал қилинади, бироқ жуда камдан кам ҳолатларда узайтириш муддати бир ойдан ошиши мумкин. Виза узайтириш йиғими 51 миср фунтига тенг. Мамлакатда вақтинчалик яшаш ҳуқуқига эга бўлиш учун мисрлик иш берувчи маълумотномаси бўлиши ёки давлат ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлиши етарли.
“Синай муҳри”
Мисрнинг фақатгина Жанубий Синай ҳудудига келишни режалаштираётган чет эллик фуқароларга Шарм-эль-Шейх аэропортида ва Нувайба денгиз портида паспортларига виза маркаси ўрнига бепул Синай муҳри урилиши мумкин. Бироқ, мазкур муҳрда визага қараганда бир неча камчиликлар мавжуд.
Қўшимча маълумот: Сурия ва Эрон фуқаролари учун виза расмийлаштириш 8 ҳафтагача чўзилади.
Хусусан, унинг муддати 15 кунгача бўлиб, Мисрнинг Африка материги қисмига кириш ҳуқуқини бермайди. Синай яримороли ҳудудида, яъни Қизил денгизи бўйлаб Шарм-эль-Шейхдан то Таба шаҳригача ҳамда яриморолнинг 40 кмгача бўлган ички қисми, яъни Муқаддас Катарина монастири ва Мусо тоғигача ҳаракатланишлари мумкин.
Мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш
Барча чет эл фуқаролари учун мамлакат бўйлаб, айниқса, Ғазо сектори ҳамда мамлакатнинг жанубий қисми Қизил денгизидан Беренис қўрғонига қадар бўлган қисмида эркин ҳаракатланиш чекланган.
Эътибор беринг! Виза муддати тугаган тақдирда Ички ишлар органларига ташриф буюриш орқали виза муддатини узайтириш мумкин. Амал қилиш муддати ўтиб кетган тақдирда 153 миср фунти миқдорида жарима солинади.
Аслиддин Аннаев
UzbekLife колумнисти
Мавзуга оид
10:19 / 20.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
16:49 / 19.12.2024
Россиялик депутат мигрантлар учун виза жорий қилишни талаб этди
15:10 / 19.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг Ал-Азҳар мажмуасига қабул қилиниши тартибга солинади
23:51 / 10.12.2024