Ўзбекистон | 09:24 / 24.06.2021
2641
2 дақиқада ўқилади

Бухорода Хитой корхонасини тунаган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Бухоро вилояти Ромитан туманида Хитой фуқаросини тунаган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 21 июнь куни соат 20:00дан 22 июнь куни соат 06:00гача бўлган вақт оралиғида, номаълум шахс 1976 йилда туғилган Хитой фуқароси W.B. раҳбарлик қилиб келаётган Қоқиштувон қишлоғида жойлашган Хитой йўл-қурилиш корхонаси идорасига ғайриқонуний равишда кирган. Сўнг у ердан сейф ва унинг ичида бўлган 60 минг АҚШ доллари, 20 минг Хитой юани ҳамда 56 миллион сўм пулларни ўғирлаб кетган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят ҳамда Ромитан туман ИИБ ходимларидан тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят фош этилган.

Аниқланишича, ушбу жиноятни Ромитан тумани Қоқиштувон маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган П.С. ва унинг маҳалладоши 1974 йилда туғилган Х.У. олдиндан жиноий тил бириктириб содир этган. Гумон қилинувчилардан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган ҳамда жабрланувчи W.B. раҳбарлик қилаётган йўл-қурилиш корхонасига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.

Таъкидланишича, ҳозирда гумон қилинувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, гумонланувчиларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид