Жамият | 19:14 / 26.06.2021
35936
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Бетакрор Нанай ва қўшиққа айланган Наманган олмаси

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган Ўнғор тоғи ҳақида турли афсоналар юради. Айнан шу тоғ Қирғизистон ва Ўзбекистонни ажратиб туради. Машҳур қўшиққа айланган Наманган олмаси мана шу ерларда етиштирилади. Шунингдек, баҳор келиши билан одамларнинг тилидан тушмайдиган Нанай қишлоғи ҳам шу ерда жойлашган.

Атрофдаги қишлоқларда одамлар асосан боғдорчилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Тоғ ёнбағрида Мамай, Қизилёзи, Заркент, Порамон, Нов каби ўзбек ва қирғиз қишлоқлари жойлашган.

Бу ердаги боғбонлар олма ва маҳаллий аҳоли ғайноли деб атайдиган қора олхўри етиштиришнинг ҳавосини олган. Улар картошка экиб, уни сақлашни ҳам қойиллатишади. Одамлар тоғ ёнбағирларидаги барча ерлардан унумли фойдалангани қувонарли ҳолат.

Нанай қишлоғи ҳақида эшитмаганлар бўлмаса керак. Айнан шу тоғ бағрида жойлашган Нанайга бутун мамлакатдан дам олувчилар келади. Шунга яраша дам олиш масканлари ҳам кўп.

Нанай ва Мамай топонимлари мўғул саркардаларининг номи билан боғланади. Машҳур рус академиги шарқшунос ва турколог Василий Бартольд ўз вақтида мана шу ҳудудларда яшаб, илмий ишлар билан шуғулланган.

Доривор ўсимликлар ҳамда дарахтлар кўп бўлгани учун бу ҳудудлар асаларичилик билан шуғулланувчиларнинг ҳам севимли масканига айланган. Боғларнинг ички қисми ва тепаликларда кўплаб асалари уяларини учратиш мумкин. Хуллас, Ўзбекистоннинг энг чиройли жойларидан бири Нанай десак, бўрттириш бўлмайди. Имкон топиб, бу ерга келсангиз, адашмайсиз.

Боймирза Халилов олган суратлар

Мавзуга оид