«Олтин тўп»га даъвогар «ўнлик»даги ўзгаришлар: Совринга ким муносиб?
«Олтин тўп» масаласига ойдинлик киритиб берувчи ўйинларни томоша қилиб бормоқдамиз. Ҳар бир учрашув орқали йилнинг энг яхши футболчиси номига даъвогарлар ўзларини ижобий тарафдан кўрсатишга интилмоқдалар.
Goal.com сайти ҳар ҳафта якунлари бўйича, энг яхшилар рўйхатини янгилаб бормоқда. Қуйида энг яхши 10 футболчи ва уларнинг рейтингдаги ўринлари сабабларини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.
10. Рубен Диаш
Аввалги поғонаси: 8-ўрин
2021 йилда: 1 гол, 19та «қуруқ ўйин». АПЛ чемпионлиги, Англия кубоги.
Диаш Португалия сафида «Сити»дагидек ишончли ўйнамади. Ҳа, бу пастлашда жамоасининг мусобақадан чиқиб кетиши катта роль ўйнади. Бироқ, Рубен ҳам ўша мағлубиятдаги айбдорлардан бири эди. Марказ орқали Торган Азарнинг бу қадар кучли зарба беришига йўл қўйилганида унинг ҳам айби бор.
Шунга қарамай, Диаш жорий мавсумдаги энг яхши ҳимоячилар рўйхатини бошқариб бормоқда. Ўнликда Рубендан бошқа орқа чизиқ вакилини кўрмайсиз. Лекин португалияликка «Олтин тўп»нинг берилиши учун сабаблар етарли эмасдек.
9. Эрлинг Ҳоланд
Аввалги поғонаси: 11-ўрин
2021 йилда: 25та гол, 9та ассист. Германия кубоги ғолиби.
Ҳоланднинг ушбу ҳафта давомида қилган иши уйида ўтириш ва шахсий машғулотларини амалга оширишдан иборат бўлди. Хўш, у ҳолда қандай қилиб норвегиялик футболчи рўйхатда юқорилаши мумкин. Гап шундаки, бундан аввалги рейтингларда ундан олдинга қўйилган футболчиларда Европа чемпионатида муваффақият қозониш ва бу орқали «Олтин тўп» учун даъвогарлар қаторида юқорига кўтарилиб олиш имконияти бор эди. Улар қитъа биринчилигидан чиқиб кетган эканлар, энди мавсумни анча сермаҳсул ўтказган ва бу ҳолатда улардан кўра «Олтин тўп»га яқинроқ бўлган Эрлингга жойни бўшатишлари талаб этилади.
8. Карим Бензема
Аввалги поғонаси: 9-ўрин
2021 йилда: 22та гол, 5та ассист.
Европа чемпионатини тарк этган бўлса-да, Бензема 4та гол уриш орқали рейтингда юқорилай олди. Каримнинг миллий жамоадаги рестарти бу қадар омадли кечиши кутилмаганди. Ҳа, у топ-даражали ҳужумчи. Ҳа, у «Реал»да ҳам худди шу тахлит ўйнаётганди. Португалияга қарши ўйинда у жамоасининг иккала голига муаллифлик қилганди. Кеча эса Швейцария дарвозасига ҳам дубль йўллашга эришди. Афсуски, пенальтилар сериясида омад «банклар юрти» вакиллари томонида бўлди.
7. Криштиану Роналду
Аввалги поғонаси: 7-ўрин
2021 йилда: 27та гол, 4та ассист. Италия Суперкубоги, Италия Кубоги.
Роналду миллий жамоа учун урилган голлар сони бўйича Али Дайига етиб олишга эришди. Бироқ, энди у қитъа чемпионатининг давомини телевизордан кўришга мажбур. Белгия Криштиану айтганидек росмана омад эвазига ғалаба қозонди. «Қизил иблислар»ни ғалабага номуносиб дейишдан йироқмиз. Бироқ, Криш ва жамоадошлари энг камида экстра-таймларга ҳақли ўйнаган эдилар.
«Олтин тўп» масаласида португалиялик суперюлдузнинг имкониятлари у қадар юқори эмас. Иккала жамоасида ҳам катта мусобақаларда муваффақиятсизликка учради. Шахсий статистикасини безаб турган голлар унга йилнинг энг яхши футболчиси унвонини олиб беролмаса керак.
6. Кевин де Брюйне
Аввалги поғонаси: 3-ўрин
2021 йилда: 10та гол, 10та ассист. АПЛ, Англия Кубоги ғолиблиги.
Кевиннинг ишлари жойида эмас. У тинмай жароҳат олмоқда. Рақиблар уни тўхтатишнинг ягона йўли сифатида ўта қўпол ўйинни танлашмоқда. Айниқса, сўнгги ой мобайнида у жуда ҳам оғриқли тўқнашувларда иштирок этди.
Белгия Европа чемпионатидаги юришини давом эттирмоқда. Лекин очиғини айтганда, де Брюйне жамоасининг чоракфиналга чиқишида етакчи ролни ўйнамади. Аниқроғи, бунга рақиблар ва жароҳатлар имкон бермади. Чемпионлар лигасини ҳам финалда бой берган футболчи миллий жамоа билан ҳам нуфузли мусобақани давом эттира олмаслик хавфи остида бўлиб турибди. Бу ҳолатда «Олтин тўп» унга насиб этмаслиги аниқ.
5. Лионель Месси
Аввалги поғонаси: 6-ўрин
2021 йилда: 32та гол, 11та ассист. Қирол кубоги ғолиби.
Лео Америка Кубогида жавлон урмоқда. Энди у жамоаси билан плей-оффда ўйнайди. Чили билан ўйиндаги дурангни инобатга олмасак, Аргентина барча учрашувларда ишонч билан ғалаба қозонди. Месси ҳам ҳар бир ўйинда катта саҳнадан тушмади.
Бугун Боливияга қарши гуруҳ босқичининг сўнгги тур беллашувида у 2та гол ва битта ассист муаллифига айланди.
Клубидаги ўртамиёна мавсум уни йилнинг энг яхши футболчиси унвонини 7-марта олишидан тўсиб қўйиши мумкин. Лекин «Копа Америка»ни ютса, бу эҳтимол жуда ошиб кетиши мумкин. Унда реал имкониятлар мавжуд.
4. Роберт Левандовски
Аввалги поғонаси: 4-ўрин
2021 йилда: 34та гол, 4та ассист. Бундеслига, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблиги.
Роберт Польша учун қўлидан келганини қилди. Биринчи турдаги муваффақиятсиз ўйинидан сўнг уни «Бавария»дагина кучли дегувчилар топилди. Бироқ кейинги турлардаги мазмунли ҳаракати билан барча танқидларга жавоб берди. Ҳа, Роберт - страйкер. У ўзига яратиб берилган вазиятдан фойдаланишга уста. Лекин айнан мана шу жиҳат бугунги кун футболининг қанчадан қанча марказий ҳужумчиларига етишмаяпти?!
Жароҳат сабаб ўтказиб юбормаганида, балки, ЕЧЛда ҳам мюнхенликлар узоқроққа борган бўлар эди.
3. Ромелу Лукаку
Аввалги поғонаси: 5-ўрин
2021 йилда: 21та гол, 7та ассист. А Серия ғолиблиги.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Белгияни де Брюйне олдинга бошлай олмаяпти. Жамоадош дўсти жароҳатлари билан андармонлигини ҳис қилган Лукаку бор масъулиятни ўз бўйнига олгандек.
«Интер» билан тарихий чемпионликни тантана қилган ҳужумчи Белгия билан ҳам Европа биринчилиги ғолибига айланса, «Олтин тўп» учун ундан-да муносиброқ номзод қолмайди.
2. Килиан Мбаппе
Аввалги поғонаси: 2-ўрин
2021 йилда: 29та гол, 6та ассист. Франция Кубоги ғолиби.
Мбаппе оғир мавсумни бошидан ўтказяпти. Швейцарияга қарши беллашув унинг ўйини эмасди. Мана шундай мағлубиятлар уни кучли футболчи сифатида тарбиялай олиши мумкин. Мана шундай хатолар билан ўзи ҳавас қилган Роналду даражасига чиқиши мумкин.
Клуб миқёсидаги турнирларда ҳам лига ғолиблигини қўлдан чиқарди, ЕЧЛ билан ҳам яримфиналда хайрлашди. Аслида, унинг «Олтин тўп»га лойиқ ўйинлари етарли. Бироқ, одатда, «France football» катта титулларни ютган футболчиларни эътироф этади.
1. Нголо Канте
Аввалги поғонаси: 1-ўрин
2021 йилда: 1та ассист. ЕЧЛ ғолиблиги.
Кечаги учрашувдан кейин «Олтин тўп» масаласи янада чигаллашди. Канте швейцарларга қарши ўйинда ўзига ўхшамади. Марказдаги бўшлиқ эвазига рақиблар гол уриб кетган вазиятларни кўрдик. Демакки, Франциянинг мусобақани тарк этишида Канте ҳам катта айбдорлардан бири.
ЕЧЛ ғолиблиги нуфузини яхши англаймиз. Бироқ, лигада ҳам муваффиятсизликка учраган клуб футболчисининг «Олтин тўп»ни олишига қаршилар кўп бўлади. Уларнинг даъволарида асос ҳам бордек.
«Goal.com» рейтинги асосида А.Валихонов тайёрлади.
Мавзуга оид
11:06 / 14.12.2024
Ҳусанов трансфер баҳоси бўйича Роналду билан тенглашди
10:50 / 01.11.2024
France Football бош муҳаррири Винисиус нега «Олтин тўп» ютмаганини тушунтирди
15:33 / 30.10.2024
Винисиуснинг фанатлари нафратини Родрининг «адаш»ларига сочишди
16:30 / 29.10.2024