Спорт | 10:32 / 12.07.2021
31368
12 дақиқада ўқилади

Чемпионга айланган «манекенлар»

Биласизми, футбол техникасидан ташқари, икки муҳим жиҳат бор: мотивация (чоғланиш) ва совуққонлик. Жамоа ўйинида ва кўзланган мақсадга эришишда бу икки ҳолат ҳам жуда муҳим ва уларнинг ўз ўрни бор.

Michael Regan / Reuters / Scanpix / LETA

Масалан, машғулотларда футболчилар максимал даражада совуққон бўлишади, шунинг учун улар айнан машғулотларда ҳеч қачон майдонда қила олмайдиган ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин. Баъзида футболчиларнинг машғулотларда ажойиб зарба ижро этганини кўрамизки, худди шуни у ўйин пайтида амалга ошира олишмайди. Агар оширса, оғзимизни каттароқ очамиз, аслида худди шундай голлар машғулотларга ўнлаб урилиши мумкинлигини билсак-да. Сабаби, совуққонлик футболчига ўз маҳоратини ишга солиши учун керак бўлган жуда керакли хислат, муҳим ўйин пайтида совуққонликни максимал даражага чиқара олиш деярли имконсиз.

Лекин ўйин пайтида футболчи машғулотларда у ҳеч қачон эга бўлмайдиган бошқа жиҳатга – мотивацияга эга бўлади. Унинг аслидан кўпроқ, тезроқ югуриши, ўзида йўқ бўлган кучни топа олиши, баъзида жисмоний имкониятларидан баландроқ ниманидир намойиш қила олиши айнан мотивацияга боғлиқ. У ҳеч қачон машғулотларда ўйиндаги каби мотивацияга эга бўлмайди.

Ўта юқори мотивация совуққонликни пасайтиради, совуққон бўлиш учун эса, мотивацияни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик керак. Ҳар иккиси ҳам зарур, мотивациясиз мураббий шогирдларини кўпроқ ҳаракат қилишга, меҳнат қилишга чоғлай олмайди, совуққонликсиз эса, керакли тактикани қуриш, футболчилар кўрсатмаларни бажариши ва керак бўлганда вазиятлардан фойдаланиши қийинлашиб кетади. Бу гўёки бир-бирига зид бўлган икки фактор доимий равишда курашади ва футболда мураббий олдида турадиган энг асосий вазифалардан бири айнан мана шу жабҳада мувозанат вужудга келтиришдир.

Энди бир қизиқ мулоҳаза, эътибор берганмисиз, қачон мотивация бош планга чиқади-ю, қачон совуққонлик жуда зарур? Эсланг, айнан мураббий мотиватор томонидан амалга оширилган ажойиб нутқ билан эришилган афсонавий ғалабалар қачон содир бўлганди? Мисол учун, «Юнайтед»нинг «Бавария» устидан ўша ғалабаси – «йигитлар, ҳозир кубок сизлардан эллик метр нарёғда турибди, лекин унга тегиниш, кўтариш учун бугун бор кучларингни сарфламай туриб, эртага яна финалга келишни ўйлаб ҳам ўтирманглар, олға». Фергюсон биринчи бўлимдан сўнг ютқазаётган шогирдларини шундай деб майдонга бошлайди.

Ёки Рафа Бенитеснинг «Ливерпул»и. Айтишларича, у танаффус пайтида ҳеч нарса демаган, шунчаки, кийим алмаштириш хонаси ойналарини очиб қўйган. У ердан «Ливерпуль» мухлисларининг «You will never walk alone» қўшиғи баландроқ эшитила бошлаган. Мана бу - мотивация.

Қарангки, рақиб кучли ўйин кўрсатаётганда, ҳеч қандай тактика иш бермай, қанақадир қўшимча куч зарур бўлиб турганда, мураббийлар мотивацияни биринчи планга олиб чиқишар экан. Яъни ўша «МЮ» ҳам, ўша «Ливерпуль» ҳам аслида, ҳар томонлама «Бавария» ва «Милан»дан кучсиз ўйин кўрсатаётганди, мураббийлар ниманинг ҳисобига ўйинда бурилиш ясаш мумкинлигига ақллари етмаётганди ҳам балким.

Совуққонлик эса, афсонавий ғалабаларда эсланмайди. Чунки, ўша ўйинларда кучлироқ жамоа ғалаба қозонган, ҳаммаси ўз ҳолича тугаган бўлади. Жамоа ўзидан кучсизроқ бўлган ёки тенг бўлган жамоага қарши тўғри тактика, яхши режа ва вазиятлардан унумли фойдаланиш ёрдамида ғалаба қозонади. Бу ерда эса, совуққонлик энг зарур факторга айланади, мураббийлар ортиқча гаплардан тийилиб, имкон қадар шогирдларига футболни, рақибни, устунлик ва камчиликларни, майдондаги вазифаларни тушунтиришга ҳаракат қилади. Футболчининг мияси айнан футбол билан тўла бўлиши муҳим.

2009 йилдаги ЕЧЛ финали олдидан, Пеп футболчиларга видео қўйиб беради. Пеп ва Тито финалгача босиб ўтган йўл ҳақида видео тайёрлашган экан. Лавҳаларда чиройли голлар, қийин ҳолатлар ва «Гладиатор» фильми мусиқаси бор эди.

«Босс жуда ҳиссиётга берилувчан эди. У узоқ вақт видеони тайёрлади ва бизни ичкарига киритмай турди. Биз фильмни кўриб йиғлаб ҳам юбордик, кейин Андре Бочелли Чемпионлар Лигаси гимнини куйлаётганда, янаям бадтар бўлди аҳволимиз. «Манчестер Юнайтед» футболчилари бизга нима бўлганини тушунмай, ҳайрон бўлишганди», – деб эслайди Виктор Валдес.

Манель Эстиарте, тарихдаги энг кучли ватерполистлардан бири, Гвардиоланинг ёрдамчиси эса, шундай дейди: «Агар видео футболчиларнинг мотивациясини ошириш учун тайёрланган бўлса – бу жуда нотўғри қарор бўлган. Футболчилар ғалати бўлиб қолишган, агар илк 10 дақиқада Валдес бизни қутқармаганда, учта гол ўтказиб юборардик».

Ишонаманки, Жозе Моуриньо 2010 йилги Европа Чемпионлар Лигасида «Барселона»га қарши жавоб ўйини олдидан кўп вақтини шогирдларининг мотивациясини оширишга сарфлаган, лекин финалда, «Бавария» билан ўйинда эса, аксинча, совуққонликни ошириш, хотиржамлик ҳақида гапирган, режа асосида ҳаракат қилинса, ғалаба «Интер» қўлида эканини ишонтиришга уринган. Сабаби, «Барселона» кучли эди, уларни шунчаки, тактика билан ютиб бўлмасди, Жозе бақирган, тентаклик қилган, футболчиларни жангга, ўлимга кетаётгандек тайёрлаган, шу ўйиндан кейин бошқа ҳаёт йўқлигига ишонтирган. Финалдаги «Бавария» эса «Интер»дан кучсиз бўлган, Моуриньо шогирдлари ортиқча ҳаяжон ва босимга берилиб кетишидан қўрққан, бақирмаган, йиғламаган, ўзини совуққон тутиб, бу кайфиятни шогирдларига юқтирмоқчи бўлган. Ҳар икки ўйинда ҳам ҳал қилувчи омил мана шу ерда эди, менимча.

Тан олиш керак, Манчини тактик даҳо эмас, унинг шогирдлари эса, рақибдан бир бош кучли эмасдилар. Яъни Англия таркиб салоҳияти, имконияти борасида Италиядан етарлича устун эди. Англиядан талаб қилинадигани, худди Германия билан ўйин каби, ўз кучига ишонган ҳолда, совуққонлик билан белгиланган вазифани бажариш эди. Биласизми, нима халақит қилди?

Ҳаддан ортиқ мотивация. Англия, нафақат мураббий ёки футболчилар, балки бутун Англия ғалабани олдиндан нишонлаб юборди. Ўйиндан олдинги шиорлар, «футбол уйга қайтмоқда» қабилидаги баланд сўзлар, қироличанинг Саутгейтга хатидан тортиб, кимларга «Сэр» унвонини бериш кераклиги ҳақида мулоҳазалар. Италия матбуотини ўқимадим-у, Англияда ҳатто, «мабодо бугун чемпион бўлиб, кечаси билан байрам қилинса, эртага – душанба иш кунини ярим кун кеч бошлаш, боғчаларга таътил бериш» ҳақида ҳам мавзулар кўтарилди. 55 йилда финалга қайтиш, «Уэмбли» финали, ютса бўладиган рақиб, ҳамма ҳаммаси Англиянинг узоқ кутилган ғалабаси учун тайёрлаб қўйилган эди.

Ҳисобни Шоу фамилияли футболчи очгани ҳам қизиқ – шоу бошланишими бу? Назаримда, инглиз футболчилари ўйнашда давом этиш, мураббий кўрсатмалари асосида режа бўйича давом этиш ўрнига, ўйиндан кейинги байрамни кута бошлашди гўё. Ахир шунча гап, шундай муҳит, ким ҳам бузарди... Ажойиб ҳикояга декорация вазифасини ўтаётган жарангдор Италиями? Шоунинг голидан кейинги 132 дақиқада Англия атиги бир маротаба рақиб дарвозасига аниқ зарба берди. Бир мартагина. Жиддий факт.

Яқиндагина В Серияларда ўйнаб юрган Манчини шогирдлари олдида бўлажак инглиз юлдузлари анча босим остида қолишганини сезиш қийин эмасди. Мабодо Англия ютқазса, деган савол қўйилмади ҳам. Бунинг устига Саутгейт йўқ жойдан қўшимча муаммолар яратиб олгани ҳам қизиқ. Масалан, пенальти тепган бешликни олайлик. Санчо ҳам, Рэшфорд ҳам, ҳатто Сака ҳам мураббийнинг асосий танлови эмасди турнирда. Финалгача деярли ҳеч нарса қилмаган Санчо ёки Рэшфорд фақат пенальти тепиш учун туширилиши шундоқ ҳам мавжуд бўлган босимни бир неча баробарга ошириб юбормайдими? Урсанг, майли, бекорга келмаган бўласан, ура олмасанг, асосий антиқаҳрамон сенсан – бу шартларда ёш футболчилар машғулотлардагидек совуққон бўла оладиларми? Айтайлик, финалда гол урган Шоу ёки Англияни гуруҳдан олиб чиққан Стерлингда босим камроқ бўлар, пенальти урилмаган ҳолатда ҳам, турнирдаги аввалги хизматлар туфайли, сал енгилроқ қабул қилинмасмиди? Энди Рэшфорд ёки Санчо каби футболчиларнинг миллий жамоанинг тўлақонли аъзосига айланишлари осон кечмайди, улар турли ирқчилик ҳақоратларидан қутулишлари учун қандайдир қаҳрамонликлар қилишга мажбур бўлиб қолдилар. Менимча, Саутгейтнинг яна бир нотўғри қарори.

Умуман олганда, ортиқча босим ва мотивация инглиз футболчилардаги совуққонликни пасайтириб, маҳоратда панд берганини эътироф этиш керак. Финалда ҳеч қайси футболчи ўз даражасидаги ўйинни намойиш қила олмади, масалан. Бунга энди, салкам икки йиллик танаффусдан сўнг футболчилар илк бор тўлиқ стадионларда футбол ўйнашни бошлашганини ҳам қўшинг.

Бу қайсидир маънода, 2014 йилдаги «Ливерпуль»ни эслатиб юборди. Ливерпулликлар мавсумдаги сўнгги жиддий рақиб «Челси»ни мағлуб этишса, узоқ кутилган чемпионлик учун жуда яқин келишарди. Ўйин якшанба кунига белгиланган, «Челси»ни эса, икки кун ўтиб, ЕЧЛ яримфиналида «Атлетико» кутарди. Лондонликлар аввалига ўйинни бир кун олдинга суришга ҳаракат қилишди, АПЛ рухсат бермади. Чемпионатда очко зарур бўлмаган Моуриньо мажбуран «Ливерпуль»га қарши ўйинда асосий футболчиларга дам берди. Аслида «Ливерпуль»нинг имкониятларини ошириб юбориши керак бўлган бу омил тескарига ишлаб кетди. Биринчидан, кучсизланган «Челси» мезбонларга ғалабани олдиндан нишонлашга шароит яратаётгандек тасаввур уйғотарди, Моуриньо эса, бу ҳолатдан шогирдларига мотивация бериш учун фойдаланди: «Улар бизни ўз байрамларидаги масхарабозга айлантиришмоқчи. Наҳотки бунга йўл қўямиз?» деди у шогирдларига.

Натижа маълум, ҳеч қандай босимсиз, бемалол ўйнаган «Челси» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва «Ливерпуль»нинг чемпионлиги 6 йилга кечикди.

Айтишларича, 1950 йилги жаҳон чемпионатида Бразилия худди шундай ҳолатга тушган экан. Ҳаммаси байрамона тайёрланган, Уругвайга қарши сўнгги финал учрашуви гўёки чемпионлик олдидан ўтадиган расмиятчиликка ўхшаб қолган экан. Маҳаллий матбуот тун-у кун Бразилия футболчилари қаҳрамонликлари ҳақида ёзиб, турнирнинг энг яхши ўйинчиси сифатида ким танланиши, эртасига қаерларда тадбирлар уюштириш-у, неча кун байрам қилишгача ёзиб ташлашган.

Ҳатто ўйин куни маҳаллий «О Мундо» газетаси Бразилия миллий жамоаси расмини бериб, тагига «Жаҳон чемпионлари» деб ёзиб ҳам қўяди. Ўшанда Уругвай сардори Обдулио Варела ўша газетадан 20та топтиради ва ечиниш хонасига олиб келади ва «афсус, сиз ютқаздингиз» деб ҳар бир шеригига тарқатиб чиқади. Сўнг ўз хонасидаги унитазга газетани ташлаб, ҳожатини чиқаради, сувни оқизиб юборади. Шерикларига ҳам шундай қилишни айтади. Натижа маълум – ўша ўйинда дуранг ҳам қониқтирадиган Бразилия ғалабани қўлга чиқариб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрайди.

Роберто Манчини биринчи бўлимдан кейинги танаффусда қайси газетани йиртганини билмайман, шогирдларини қайси йўл билан чоғлантирганини ҳам. Лекин қойил, Италия ўйинда бурилиш ясади, футбол қачон тугашини яна бир бор бутун Европага билдириб қўйди.

Оркестр ҳам, тўйхона ҳам, артистлар ҳам, ҳаммаси инглизлардан. Рақсга эса, италияликлар тушишди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид