Ўзбекистон | 11:12 / 12.07.2021
13278
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ППХ машинаси ЙТҲ содир этди. Ҳолат юзасидан маълумот берилди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

11 июль куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ППХ машинаси томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видео тарқалди. Шаҳар ИИББ томонидан мазкур ЙТҲ ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, 2021 йил 11 июль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ патруль-пост хизмати ходими сафдор 1986 йилда туғилган Асан Утаров хизматдоши сафдор Жаҳонгир Зокиров билан «Nexia-2» русумли, давлат рақами 01 546 VSF патруль автомобилида хизмат олиб бораётган бўлган.

Улар «Эркин» йўл-патруль хизмати масканидан пойтахт автовокзали томон ҳаракатланаётиб, Бунёдкор шоҳкўчаси «Чилонзор буюм савдо комплекси» ёнида олдинда кетаётган, 1990 йилда туғилган Элбек Х. бошқарувидаги «Nexia-1» русумли машина билан тўқнашиб кетган.

Маълум қилинишича, бу ЙТҲга қоидаларга риоя этмасдан, «Nexia-1» олдидан чиқиб қолган пиёданинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. «Nexia-1» пиёдани уриб юбормаслик учун тезкорлик билан тўхташга мажбур бўлган. Шу онда ортдан бораётган ППХ машинаси у билан тўқнашган.

Таъкидланишича, тўқнашув натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган, ҳар иккала машина жиддий шикастланмаган. Тарафлар ўзаро келишиб олган ва йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ЙПХ инспекторига хабар берилиб, у ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган. Шундан сўнг, ҳар икки томон ҳам ўз йўналишида ҳаракатни давом эттирган. Ҳозирда, мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ўрганилмоқда.

P.S. Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотга қаралса, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси ППХ ходими ўзидан олдинда кетаётган машина билан оралиқ масофани сақламагани учун содир бўлгани тушунилади. Бу ҳолатда ППХ машинасини бошқарган ходим йўл-ҳаракати қоидаларини бузгани учун жарима ёзилиши, фуқаро Элбек Х.га тегишли машина эса таъмирлаб берилиши лозим.

Мавзуга оид