Ўзбекистон | 21:00 / 26.07.2021
15483
2 дақиқада ўқилади

“Ўзкомназорат” Wechat тармоғига ҳам чеклов қўйгани маълум бўлди

Ўзбекистонда фаолиятига чеклов қўйилган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар сони 5тани ташкил этмоқда. Бу рўйхат кенгайишда давом этиши мумкин.

Фото: Dado Ruvic / Reuters

“Ўзкомназорат” TikTok, Twitter ва ВКонтакте ижтимоий тармоқлари ҳамда Skype мессенжеридан ташқари, Wechat ижтимоий тармоғига нисбатан ҳам чекловлар жорий қилган.

Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестридан маълум бўлишича, бешала платформага нисбатан чекловлар бир кун – 2 июлда жорий этилган. Шу куни уларга тақдимнома ҳам юборилган.

Эслатиб ўтамиз, расмий Тошкент ижтимоий тармоқлар ва интернет-сервислардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлашни талаб қилмоқда.

Бундай талаб қўйилишига 16 апрелдан кучга кирган янги қонун асос сифатида келтириляпти.

Жамоатчилик фаоллари бу қонунга нисбатан танқидий муносабат билдириб келмоқда.

Тармоқларга чеклов қўйилиши ортидан мамлакатда VPN сервислардан фойдаланиш кўлами сезиларли ортган. Бунинг ортидан юзага келадиган эҳтимолий хавфлар масаласида масъуллар сукут сақламоқда.

Шу ойда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши интернетга номақбул чекловлар қўйилишини қоралаб, резолюция қабул қилди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчиликни бузувчи, хусусан фуқароларнинг интернетда ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқларига дахл қилувчи, шунингдек, интернетни ёпиб қўйиш ва онлайн цензура каби чораларни шубҳасиз қоралаймиз; барча давлатларни бу каби хатти-ҳаракатлардан тийилишга ва бу каби хатти-ҳаракатларни тўхтатишга чорлаймиз”, – дея қайд этилган резолюцияда.

БМТ чақириғига кўра, ҳукуматлар интернет билан боғлиқ турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини назардан қочирмасликлари керак; интернетга кириш очиқ, ишончли ва хавфсиз бўлиши лозим.

Мавзуга оид