Жаҳон | 19:57 / 04.08.2021
4942
2 дақиқада ўқилади

Беларусь ҳукумати Ғарбга ноқонуний мигрантлар оқими ўсганини билдирди

Ҳозирда Беларусь орқали Литвага кўплаб ноқонуний мигрантлар ўтмоқда.

Фото: AP

Беларусь ҳукумати Ғарбга ноқонуний мигрантлар оқими ўсганини қайд этмоқда, бу вазиятда Минскни айблаш асоссиз, деди республика хавфсизлик кенгаши давлат котиби Александр Вольфович.

"Ҳа, ғарбий йўналишда ноқонуний миграция оқими ўсганини қайд этмоқдамиз. Бу Европа мамлакатлари учун янгиликми? Менимча, йўқ. Бир неча йиллардан буён Европа мамлакатларига Яқин Шарқ мамлакатларидан ноқонуний мигрантлар оқими ўсиб бормоқда. Бунда Беларусни айблаш керакми? Йўқ, бунинг туб илдизига қараш ва сабабини аниқлаш керак", – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда БелТА агентлиги.

Вольфовичнинг сўзларига кўра, ғарб мамлакатлари "демократик қадриятлар олиб кириш баҳонасида Яқин Шарқнинг бир пайтлар гуллаб-яшнаган мамлакатларини уруш ҳолатига келтириб қўйди".

Ҳозирда Беларусь орқали Литвага кўплаб ноқонуний мигрантлар ўтмоқда. Литва бунда Беларусни айбламоқда. Давлат чегара хизмати вакилининг таъкидлашича, муҳожирлар авваллари чегарани тунги вақт ва видеокамералар йўқ бўлган жойларда кесиб ўтган бўлса, ҳозирда буни бутун чегара бўйлаб ва куннинг исталган пайтида амалга оширмоқда.

Таъкидланишича, Беларусь охирги вақтда Ироқдан рейслар сонини кескин кўпайтирган. Минск аэропортидаги парвозлар жадвали Беларусь муҳожирларни атайлаб олиб келиб, миграция инқирозини юзага келтириш учун уларни Литвага жўнатаётганидан дарак бермоқда.

Мавзуга оид