Жамият | 12:37 / 05.08.2021
20956
9 дақиқада ўқилади

4 та расмий давлат тили бор – Швейцария ажойиботлари ҳақида (фото)

Бир неча йилдан буён Швейцарияда истиқомат қиламан. Аниқроғи, бу ерда Швейцариянинг нуфузли ETH Zürich Федерал технология институти биотехнология йўналиши магистратура босқичида ўқийман. Ушбу мақола орқали Швейцария мамлакатининг ўзига хосликлари ҳақида маълумот бермоқчиман.

Уйдан, ўсиб улғайган муҳитидан узоқлашган кўплаб инсонлар, айниқса, чет элга узоқроқ муддатга чиққанлар “сulture shock”, яъни маданият шокига учрайди.

Маданият шоки ўзи аслида нима? Бу тафаккур, урф-одат, яшаш тарзи ва шахслараро ўзаро муносабатлардаги чуқур маданий тафовутлардан келиб чиқадиган ҳолат. У кўпинча янги муҳит ва маданиятга мослашиш жараёнидаги ички кураш. Бу жараённи осонлаштиришнинг асосий йўли, албатта, борадиган манзил, миллат ва давлатни ўзига хос бўлган жиҳатларини олдиндан ўрганиб чиқиш.

Бугун энг кўп шоколад истеъмол қиладиган давлат - Швейцариянинг, ўзига хос яшаш тарзи, инфраструктураси ва бизга ноодатий бўлган оддий ҳаёт, маиший тажрибаларини расмлар орқали кўрсатиб чиқаман. Бу Швейцарияга қизиқадиган ва келажакда ўқиш ёки ишлаш учун келмоқчи бўлган ҳамюртларимизга фойдали бўлади деган умиддаман.

Швейцария Марказий Европада жойлашган бўлиб 4 та расмий давлат тилига эга: немис, француз, итальян ва ретороманча тиллар. Энг оммабоп тил немис тили, лекин у Швейцарияга хос шевада гапирилади. Шунинг учун германияликлар швейцарча лаҳжада немис тилида гапирган инсонларни кўпинча тушунишмайди. Мен ўқийдиган шаҳар ҳам немисча гапирадиган ҳудудга киради. Фотолавҳа ҳам немис тилида гапирадиган ҳудудга оид. Ҳар бир тилга оид бўлган ҳудуднинг ўзига ҳос жиҳатлари бор, бу ҳудудларда урф-одатлар, яшаш тарзи ҳам одамларни темпераменти ҳам ҳар хил.

Швейцарияга келганингизда биринчи бўлиб жамоат транспорти қанчалар ривожланганини кўрасиз. Бу ерда турли хил транспорт воситалари бир йўлда бирга юради: ҳам автомашина, ҳам автобус, ҳам трамвай, ҳам мотоцикл, ҳам велосипед, баъзи шаҳарларда троллейбус ҳам бор. Қайси транспорт воситаси кўпроқ «ҳурматга» эгалиги йўл қоидаларида белгиланган. Трамвай ва велосипедларни доим биринчи ўтказиб юбориш керак. Кўплаб кўчаларда светофор ўрнатилмаган, ҳаммаси йўл зебраси орқали бошқарилади, ҳайдовчилар бир-бирини жуда ҳурмат қилади.      

Шунингдек, Швейцарияда фуқароларга бўлган ишонч жуда кучли. Буни фуқаро ва давлат ўртасидаги кўплаб масалаларда кўрса бўлади. Масалан, давлат идораларида ёки шифохоналарда тўлов доим ҳам хизмат кўрсатилган вақтнинг ўзида олинмайди. Аксинча, ҳисоб-фактураси инсонни яшаш манзилига почта орқали юборилади. Ва уни тўлаш учун сизга 30 кун муҳлат берилади, тўловни онлайн ёки почта идораларида амалга ошириш мумкин.

Шундай қилиб тўловни амалга ошириш аввал сизнинг виждонигизга қўйиб берилади.  

Яна бир ишонч билдирилган масала бу жамоат транспортида кондуктор бўлмаслиги. Чипталарни вақти-вақти билан текширишади, лекин кўпинча автобус ва трамвайларда чипталарни ҳеч ким текширмайди. Бутун йўловчилар вақтида чипта олиш учун маъсулиятли, ҳамма тергов ва назоратсиз бу қоидаларга амал қилади. Лекин чиптасиз йўловчи бўлишнинг нархи ҳам қиммат, ҳам чипта сотиб олинган вақти жуда аҳамиятли. Масалан, ўзимни мисолимда, яқинда чиптани 42 секунд кеч сотиб олганим учун 100 франк жарима тўлашимга оз қолди. Яхшиямки, кондуктор тушунадиган чиқди.                              

Швейцарияда китоблар азизланади. Кўчаларда ўриндиқларни ёнида, чиройли манзарага қараган жойларда китоб нуқталарини учратиш мумкин. Очиқ ҳаводаги кичкина кутубхона каби, китобларни олиб, ўтириб ўқиб қайта жойига қайтарилади. Бундай жойларда ҳам назорат йўқ. Одамлар жамиятга тегишли нарсаларни уйларига олиб кетмайдилар, ҳамма шундай тарбия олган.

Яна бир жиҳат ичимлик сувига бўлган аҳамият. Сувни тоза тутиш, уни қайта тозалаш учун давлат бюджетидан катта маблағ сарфланади. Айнан шунинг учун хонадонлардаги жўмракдан оқаётган сув қайнатилмасдан ичишга яроқли. Ҳатто кўчалардаги фавворалардаги сув ҳам ичишга арзирли. Аввалбошдан ҳамма сув ичимлик деб ҳисобланади, лекин агар унчалик тоза бўлмаса, албатта, сув манбаси ёнида «Ичимлик суви эмас», деган ёзув туради. Фаввораларга аввалдан катта аҳамият бериб келинган. Улар бутун Швейцария бўйлаб турлича шакл ва рангларда келади.    

Швейцарияда ҳаёт тарзи секинлик билан кетади. Одамларнинг ҳордиқ чиқариш усуллари ҳам бошқача. Оддий кун давомида дўкон ва супермаркетлар кечки пайт 19:00 ёки 20:00 да ёпилади. Овқатланишга мўлжалланган кафе ва ресторанлар фақат тушлик пайти (11 дан соат 14:00 гача) ва кечки овқат пайти (соат 17:00-18:00 лардан кейин) очиқ бўлади. Шанба кунлари ҳамма нарса эртароқ ёпилади, якшанба куни эса супермаркет, кийим-кечак дўконлари, кўплаб овқатланиш жойлари ёпиқ бўлади. Чунки якшанба куни ҳамма оиласи билан ўтказадиган кундир. Ҳафта кунлари кечки соат 22:00 дан кейин уйда баланд овозли ускуналар билан фойдаланиш, баъзи уйларда ҳатто чўмилиш мумкин бўлмаса, якшанба куни умуман чангютгич, кир ювиш машинаси каби ускуналарни ишлатиш жуда одобсизлик ҳисобланади. Чунки бу кун дам олиш, ҳордиқ чиқариш кунидир. Одамлар вақтларини оила аъзолари билан уйда ёки дўстлари билан кўчада ўтказишади. Баъзилар кўчага чиқиб шахмат ўйнайди, баъзилар боғбонлик ҳудудларига бориб у ҳудуддаги ўзларига тегишли бўлган кичкина боғни парваришлайди, баъзилар эса пиёда юриш, тоққа чиқиш, экстремал спорт турлари билан шуғулланиш учун табиат қўйнига боришади. 

Инсонлар бу ерда умуман табиатга жуда ҳам эътиборли. Ҳар бир дарахт, ҳар бир ўсимликни асрашга ҳаракат қилишади. Бу уларга ҳам ҳаво ифлосланиши билан курашишда ёрдам беради, ҳам шаҳарларга ўзгача эстетик, нафис гўзаллик беради. Деразаларнинг ташқи токчаларига, уй ичига, деярли барча кўп қаватли хонадонларда мавжуд бўлган балконларга, уйларнинг томларига ва ҳатто биноларнинг ташқи фасадларига гул ва дарахтлар экиб чиқишади. Дарахтлар ҳатто улкан тувакларда ўстирилади. Гуллар нафақат алоҳида гул бозорларида, балки оддий супермаркет ташқарисида ҳам сотилади. Кичкина шаҳарчаларда бу гулларни супермаркет ёпилганида ҳам ичкарига олиб киришмайди. Бу фуқароларга бўлган яна бир ишонч мисолидир.

Агар аҳамият берган бўлсангиз, ҳамма уй деразаларининг ташқи тарафида жалюзилар қўйилган. Шундай дераза тўсиқлари ва жалюзилар балкон билан бирга ҳар бир уйга мансуб бўлган Швейцариянинг алоҳида бир хусусиятидир. Бу тўсиқлар уйларни қуёшдан яхшигина сақлайди ва пардаларга ҳожат ҳам қолдирмайди.              

Шахсан мен учун ноёб туйилган нарса бу одамларни ўз уйидаги керак бўлмаган буюмларни кўчага чиқазиб қўйиб устига «gratis» (бепул) деб ёзиб қўйишлари бўлган. Бу дегани шуки, агар сиз бу буюмдан ҳали ҳам фойдаланса бўлади, деб ўйласангиз ва сизга керакли бўлса, уни ўзингиз билан олиб кетишингиз мумкин. Бу буюмлар оддий китоб, идишлар, ўйинчоқлардан бошлаб уй жиҳози каби катта буюмларгача бўлиши мумкин. Мен ва хонадошларим шу орқали яшайдиган жойимизни жиҳозлаганмиз ва ҳалигача керакли, фойдали ва чиройли кўчадан топилган буюмлар билан уйимизни безашда давом этиб турамиз.           

Велосипед ҳам асосий транспорт воситаларидан бири бўлгани учун уйга кираверишда велосипед сақлаш ва велотураргоҳ қилиш жойлари бор.

Бу Швейцариянинг биздан фарқли, ноёб бўлган томонлари эди. Ўйлайманки, сизга бу маълумотлар асқотади ва маданият шокини енгиб ўтишда кўмак беради. 

Сиз ҳам ўз ҳикояларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз Telegram’дa http://t.me/uzbeklifebot га мурожаат қилинг.

Сурайё Акрамханова

Швейцария

Мавзуга оид