Ўзбекистон | 07:29 / 09.08.2021
15017
4 дақиқада ўқилади

“Узумнинг янги навини яратмоқчиман” – 30 ёшли боғбон

Қизилтепа туманидаги Гулбоғ маҳалласи Навоий ва Бухоро вилоятларидаги бозорларга мева етказиб берувчи асосий қишлоқлардан бири ҳисобланади. Ҳудудда юзлаб гектар боғлар, токзорлар бор. Ота касбини давом эттираётган ёш боғбон Абдужаббор Авезов узумнинг экспортбоп янги навини яратиш ниятида.

Гулбоғ маҳалласида ўз номи билан серҳосил боғлар бисёр. Ҳудудда яшовчи аҳолининг асосий даромади боғдорчиликдан. Шу боис қишлоқнинг қай томонига қараманг, мевали дарахтга, токзорларга кўзингиз тушади.

Ёш боғбон Абдужаббор Авезов ҳам 1 гектар майдонда токзор ташкил этиб, узумчиликнинг кетидан рўзғор тебратмоқда. У ушбу соҳада тажриба тўплаб, янги нав яратишни мақсад қилган.

“Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан устоз топиб, улардан узумнинг экспортбоп навларини келтириб ўтқазганман боғимга. Шунингдек, Самарқанддан “Сўғдиёна” навини келтирганман. Ушбу навнинг майизи жуда харидоргир бўлади, килограммини 300 минг сўмгача сотиш мумкин. Узумчиликка шунчалик қизиқаманки, ҳатто токлар билан “гаплашадиган” бўлдим. Ҳар йили 6-7 тонна майиз қиламиз. Ризамат ота Мусамуҳамедов “Ризамат” навини мерос қилиб қолдиргани каби мен ҳам узумнинг экспортбоп навини яратишни мақсад қилганман”, — дейди ёш боғбон.

Абдужаббор 2019 йили Навоийда ўтказилган узум сайилида ўзи етиштирган маҳсулотлар билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган. У боғидан ўтган йили 200 млн сўм даромад қилган. Жорий йилда эса янада кўпроқ даромад қилишни кўзлаб турибди. Чунки у вилоятда биринчилардан бўлиб Самарқанддан узумнинг “Сўғдиёна” навини келтириб, хўраки бўлмаган токларга пайванд қилган. Таъкидлашича, ҳозирда битта ток 10 килограммгача ҳосил бермоқда.   

Ҳудуддаги устоз боғбонлардан бири Лутфулло Раҳимов ҳисобланади. У бугунги кунда “Абдукарим Чиннигул” фермер хўжалигини ташкил этиб, 20 гектарга яқин боғда мева етиштириб келмоқда. Шундан 4 гектари олмазор. Ҳар мавсумда ички бозорга 60-70 тонна, экспортга 30-40 тонна узум етказиб бермоқда. Боғбоннинг айтишича, баҳорда кузатилган совуқ об-ҳаво боғдорчиликка ҳам ўз таъсирини ўтказган.

“Ҳар йили гектаридан 20-25 тонна ҳосил оладиган бўлсак, баҳордаги совуқ туфайли жорий йилги ҳосилдорлик 10 тоннага тушиб қолди. Чунки биз 21 март кунига қадар токларни очиб, боғлаб бўлгандик. Шунинг ҳисобига совуқ таъсир қилди. Албатта, табиатга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди. Аммо меҳнат қилган одам барибир меҳнатининг самарасини кўради. Қолаверса, ҳосилдан ушур бериш керак. Шу ушурни имкониятга яраша берамиз. Бермасангиз ҳосил бўлмайди, яшаш бўлмайди, соғлик бўлмайди. Бу ҳам керак. Чунки халққа қилганинг ўзингга қилганинг — ватанга қилганинг. Бу олийжаноб иш аслида”, — дейди Лутфулло Раҳимов.

Туман ҳокимлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳудудда узумчилик кластерлари томонидан 2021 йилда 1 100 гектар, 2022 йилда 2 400 гектар токзорлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу токзорларнинг 1 221 гектари янги ўзлаштириладиган майдонларда, 2 279 гектари эса яроқсиз боғлар ўрнида ташкил этилади. Айни пайтда туманда жами токзорлар 709 гектарни ташкил этади. 2020 йилда 8 963 тонна ҳосил олиниб, шунинг 180 тоннаси Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинган.

Бир сўз билан айтганда, инсон қаерда яшамасин, меҳнатига яраша ризқ-насиба берилади. Гулбоғликлар ҳалол меҳнати билан нафақат аҳоли дастурхонини ширин мевалар билан таъминлаяпти, балки ўз ризқ-насибаларини ҳам бутун қилишмоқда.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси — Жаҳонгир Алибоев. 

Мавзуга оид