Ўзбекистон | 22:09 / 10.08.2021
54789
2 дақиқада ўқилади

Масжидларда жума намозларини ўқиш бўйича карантин чекловлари бекор қилинди

13 августдан эътиборан барча ишчи ва ходимлари коронавирусга қарши эмланган масжидларда жума намозлари ўқилишига рухсат берилади.

Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида аҳолини оммавий эмлаш ишларини жадаллаштириш, шунингдек, аҳолига диний ибодатларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан киритилган таклифлар ҳар томонлама муҳокама қилинди. 

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, муҳокама натижалари бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

  • 2021 йил 13 августдан эътиборан масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификатига эга бўлган тақдирда ушбу масжидларда жума намозини ўтказишга рухсат бериш;
  • масжидларга жума намозини ўқиш учун коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритиш (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно) тўғрисидаги таклифлар.

Республикада фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларга ҳам мазкур тартибни татбиқ этиш тавсия қилинди. 

Шу билан бирга, диний ибодатларни адо этиш жараёнида ташриф буюрувчилар томонидан тиббий ниқобда бўлиш ҳамда ижтимоий масофани сақлаш бўйича карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ойи ўрталарида коронавирус туфайли жума намозлари вақтинча тўхтатилган, Ҳайит намози ҳам ўқилмаганди.

Бундан олдинроқ Республика махсус комиссиясининг 8 августдаги қарори билан умумий овқатланиш объектлари билан боғлиқ карантин чекловлари юмшатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид