Ўзбекистон | 11:17 / 16.08.2021
11611
1 дақиқада ўқилади

Чирчиқ дарёси ўртасида қолиб кетган 5 нафар фуқаро қутқарилди 

Бўстонлиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўртасида қолиб кетган 5 нафар фуқаро қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 15 август куни соат 10:30да Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик қисмига Бўстонлиқ тумани “Янгиовул” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўртасидаги оролчада 5 нафар фуқаро қолиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган. 

Қайд этилишича, фуқаролар Чирчиқ дарёси бўйида дам олиш мақсадида дарё ўзанида жойлашган оролчага ўтиб боришган. Аммо сув сатҳининг кескин кўтарилгани ва оқим тезлашгани туфайли орқага қайтишнинг имкони бўлмаган.

Мазкур ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарув отряди сувда қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчилари белгиланган ҳудудга етиб боришган. 

Билдирилишича, олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида оролчада қолиб кетган 5 нафар фуқаро махсус кичик ҳажмли кемада қирғоққа олиб ўтилган.

Мавзуга оид