Жаҳон | 18:48 / 03.09.2021
20585
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Панжшер яқин кунларда эгалланишини маълум қилди

Ўз навбатида, қаршилик кучлари вакили Фаҳим Даштий 450 нафар толиб ўлдирилгани ва 130 нафари асирга олинганини билдирди.

Фото: EPA/Vostock-photo

«Толибон» ҳаракати вакили Билол Каримий Панжшер вилоятининг 20 фоизга яқин ҳудуди назоратга олинганини айтди, деб хабар берди «РИА Новости».

«Панжшерда жанглар давом этмоқда ва ислом амирлиги жангчилари Панжшернинг бир нечта туманига кирди. Яқин кунларда вилоят устидан назоратни қўлга оламиз деб ўйлайман. Неча кунлигини аниқ айта олмаймиз, аммо яқин кунларда», — деди Билол Каримий.

Унинг сўзларига кўра, Ҳовак ва Кабиса туманлари толиблар назоратига ўтган.

«Вилоятнинг 20 фоизга яқин ҳудуди назоратимизда», — деди Каримий.

Ўз навбатида, қаршилик кучлари вакили Фаҳим Даштий 450 нафар толиб ўлдирилгани ва 130 нафари асирга олинганини билдирди.

«Ўтган тунда 350 та йўлтанламасда ҳужум қилган саккиз минг толиб тўрт соатлик жанглардан сўнг ортга чекинди ва пистирмага тушди. Уларда жиддий йўқотишлар бўлди. 450 террорчи йўқ қилинди, 130 киши асирга олинди», — деб ёзди Даштий Twitter саҳифасида.

Панжшер толиблар назоратига ўтмаган Афғонистондаги ягона вилоят бўлиб турибди.

Мавзуга оид