Жаҳон | 19:38 / 20.09.2021
16939
3 дақиқада ўқилади

Фото: Канар оролларида «уйқудаги вулқон» отилиши бошланди

19 сентябрь куни Канар ороллари архипелаги таркибидаги Пальма оролида Кумбре-Вьеха вулқони уйғонди. Лава оқими яқин атрофдаги кичик қишлоқларга етиб келган. Испания ҳукумати кўплаб аҳоли пунктларида аҳолини эвакуация қилган.

Borja Suarez / Reuters / Scanpix / LETA

Вулқон якшанба куни бошланган, душанба куни лава оқими йўлидан чиққан барча нарсани яксон этиб, аҳоли уйларига етиб келган. 

Пальма ороли ҳукумати вулқон атрофидаги қишлоқларда яшовчиларни 5000 кишини эвакуация қилди. Уй жониворлари ҳам эвакуация қилинмоқда.

Испания мудофаа вазири эвакуация жараёнига ҳарбийлар жалб этилганини маълум қилган.

Пальмага Испания бош вазири Педро Санчес учиб келган. У ОАВ вакиллари билан учрашувда ҳукумат ўрмон ёнғинларининг олдини олишига ишонтирган. Амалиётда ҳарбийлар ва Испания фуқаролик гвардияси ходимлари иштирок этмоқда.

«Лава ўз йўлида ҳеч нарсани омон қолдирмайди», деган журналистларга Эль-Пасо шаҳарчаси мэри Серхио Родригес. Унинг сўзларига кўра, аҳоли яқин орада ўз уйларига қайта олмайди.

Якшанба куни маҳаллий Binter авиакомпанияси оролга парвозларни тўхтатди, аммо Испания фуқаролик авиацияси агентлиги орол устидаги ҳаво кенгликлари ёпилмаганини маълум қилган.

Оролда 500 нафарга яқин сайёҳ ҳам эвакуация қилинган, аммо Испания туризм вазири Рейес Марото одамлардан оролни тарк этмасликни сўраган.

«Орол очиқ. Агар меҳмонхонангиз зарарланса, биз сиз учун бошқа номер буюртма қиламиз. Табиатдан баҳра олиш имкониятларидан фойдаланинг», деган у.

Маҳаллий аҳоли вақти вақти билан тупроқ тебранишлари овози эшитилиб турганини, вулқон томондан кучли овозлар чиқаётганини айтмоқда. «Худди 20та қирувчи самолёт бирданига учиб келгандек», дея тасвирлайди ҳолатни гид бўлиб ишловчи Жонас Перес.

Пальма ороли - вулқондан пайдо бўлган, унинг марказий қисмида вулқонлар тизмаси жойлашган. Мазкур вулқонлар занжири сўнгги марта 1971 йилда отилган, ўшанда Тенегия вулқони уйғонганди.

Мамлакат миллий география институти хабар қилишича, вулқон уйғонишидан аввал бир ҳафта давомида мазкур ҳудудда сейсмик фаоллик кузатилиб, 22 минг марта ер силкиниши қайд этилган, Кумбре-Вьеха атрофидаги зилзилаларнинг максимал кучи 3,8 балл атрофида бўлган.

Кумбре-Вьеха вулқони уйғониши атрофга кул сочилиши билан бошланди

Вулқоншунос Ставрос Мелетидес Reuters агентлигига берган интервьюсида вулқон ёнбағрида бешта ёриқ пайдо бўлгани, айни пайтда вулқон қанча давом этишини ҳеч ким айта олмаслигини айтиб ўтган.

Орол ҳукумати тўртта қишлоқ аҳолисини эвакуация қилди

Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаган, лекин орол расмийлари бир неча йўллар шикастлангани ҳақида хабар берган.

Вулқон устидаги тутун устуни. Фотосурат қутқарув хизмати ходими томонидан олинган

Мавзуга оид