Жамият | 11:11 / 20.09.2021
9441
2 дақиқада ўқилади

Жума намозини масжид ичкарисида ўқишга рухсат берилди

Махсус комиссия 24 сентябрдан жума намозлари ва бошқа намозларни фақатгина масжиднинг очиқ саҳналарида ўқиш бўйича чекловни бекор қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жума намозлари фақат очиқ саҳналарда адо этилишига оид чеклов бекор қилингани ҳақида хабар берди.

«Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда карантин талабларини қисқартириш орқали аҳолига маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. 

Жумладан, Республика махсус комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 сентябрдан эътиборан жума намози ва бошқа намозлар масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифи кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ойи ўрталарида пандемия янада авж олишининг олдини олиш мақсадида жума намозлари вақтинча тўхтатилганди.

13 августдан эътиборан барча ишчи ва ходимлари коронавирусга қарши эмланган масжидларда жума намозлари ўқилишига рухсат берилган, лекин июнь ойидаги кунлик ва жума намозларини очиқ ҳавода ташкил этиш бўйича тавсия сақланиб қолганди.

Мавзуга оид