Ўзбекистон | 13:48 / 21.09.2021
5172
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар ШҲТ ўқув машғулотларида қатнашмоқда

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳарбий хизматчилари ўртасида «Мирная миссия–2021» («Тинчлик миссияси») қўмондонлик штаб ўқуви машғулотлари бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Россия Федерациясининг Оренбург вилоятидаги «Донгуз» полигонида бўлиб ўтаётган машғулотларда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон ва Ҳиндистон ҳарбий делегациялари қатнашмоқда. Ўзбекистондан Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Шарқий ҳарбий округ қўшинлари ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда.

Йиғинда жами 3,4 минг нафар ҳарбий иштирокида 600 турдан ортиқ ҳарбий техникалар қўлланиши назарда тутилган. Ҳарбий хизматчилар ва техникаларнинг асосий қисми Россия армиясига қарашли. 

Шунингдек, машғулотларнинг очилиш маросимида ҳарбий техникалар намойиши ҳам бўлиб ўтди. «Мирная миссия–2021» биргаликдаги қўмондонлик штаб ўқувлари 11 сентябрдан 25 сентябргача давом этади.

Мавзуга оид