Спорт | 23:16 / 21.09.2021
13650
3 дақиқада ўқилади

«Сурхон» клуби собиқ футболчилари дўппослангани юзасидан ЎФА баёнот берди

Ижтимоий тармоқларда «Сурхон» футбол клубининг маъмурий бошқарув офисига футбол клубининг собиқ футболчилари Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев ташриф буюргани, клуб офисида клубнинг айрим ходимлари ва мазкур футболчилар ўртасида вужудга келган низоли вазият билан боғлиқ маълумотлар тарқалди, дея ёзмоқда ЎФА расмий сайти.

Ушбу вазият бўйича бугун, 21 сентябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ва масъул мутахассислари иштирокида махсус йиғилиш бўлиб ўтган.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу каби салбий ҳолатларни кескин қоралайди. Мазкур шахсларнинг масъулиятсизлиги ва этика нормаларига риоя қилмаслиги ўзбек футболи имиджига путур етказмоқда. 

Айни вақтда ушбу ҳолат тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси ҳам тайинланган.   

Мазкур ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлик киритилгунига қадар ЎФА томонидан «Сурхон» футбол клуби бош директори Азамат Абдураҳмонов, спорт директори Абдумажид Тоиров, футболчилар Асрор Ғофуров, Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон футбол ассоциацияси барча футбол клублари раҳбариятига ўз жамоаларида қатъий интизомни сақлашни ва ҳар қандай вазиятда ҳам этика нормаларига риоя қилишни тавсия этади», - дейилади ЎФА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни интернетда Термизнинг «Сурхон» клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов 3 киши томонидан дўппосланганини айтиб берган видео тарқалган, унда футболчи ўзини клуб директорининг ўғли, жамоа футболчиси Асрор Ғофуров ва спорт директори Абдумажид Тоиров дўппослаганини айтганди. Бунга жавобан клуб Жавоҳир Эсонқуловнинг «Сурхон» офисига келиб, шартнома бекор қилинган бўлса-да, яна қўшимча пуллар талаб қила бошлагани, клуб раҳбари номига нисбатан қўпол сўзлар билан унинг шахсини камситгани ҳақида баёнот берганди. 

Кўп ўтмай, футболчининг турмуш ўртоғи Рушана Мирсодиқова «Сурхон» клуби Жавоҳирнинг маошини бермай чўзиб келаётгани ҳақида маълум қилган бўлса, сўнг клуб баёнот билан чиқиб, Эсонқуловнинг ойлик маоши 5 миллион сўм бўлгани ва у пулларини ортиғи билан олганини билдирди.

Маълумот учун, 24 ёшли Жавоҳир Эсонқулов «Металлург» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг куёви саналади. У фаолияти давомида «Сурхон»дан ташқари «Бунёдкор», «Металлург», «Насаф», «Қўқон-1912» жамоаларида тўп сурган.

Мавзуга оид