Жаҳон | 23:11 / 22.09.2021
9351
1 дақиқада ўқилади

Халифа Ҳафтар Ливия миллий армияси қўмондони лавозимини вақтинча тарк этди

Ливия миллий армияси бош қўмондони, фельдмаршал Халифа Ҳафтар ўз лавозимини 3 ойга тарк этди. Эндиликда у Ливия қонунчилигига кўра, мамлакат президенти сайловларига ўз номзодини қўя олади.

Фото: Reuters

Ливия миллий армияси баёнотида таъкидланишича, фельдмаршал ўз ваколатларини бажаришни 24 декабргача штаб бошлиғига ишониб топширган. Ушбу санага Ливия президенти сайловлари ўтказилиши белгиланган.

Мамлакатда президент сайловлари 2019 йил баҳорида ўтиши керак бўлган, бироқ Ҳафтар кучларининг пойтахт Триполига бостириши сабабли номаълум муддатга қолдирилганди. Сайловлар ўтказиладиган янги сана сиёсий мулоқот форуми натижаларига кўра белгиланган.

Аввалроқ Ливия парламенти Абдулҳамид Дбайбанинг миллий бирдамлик ҳукуматига ишончсизлик билдирган. Ҳукумат декабрдаги сайловларгача мамлакатни бошқариши кўзда тутилганди.

Ливияда Муаммар Қаззофий тузуми ағдарилгандан кейин иккиҳокимлик ўрнатилиб, мамлакат ғарбида - Триполида халқаро тан олинган Миллий келишув ҳукумати, шарқида эса Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси ҳаракат қилади.

Мавзуга оид