Спорт | 09:32 / 26.09.2021
31289
3 дақиқада ўқилади

Усик сенсацион равишда Жошуани мағлуб этиб, янги чемпионга айланди

Олександр Усик Лондондаги «Тоттенҳэм» клуби стадионида кечган бокс оқшомида британиялик Энтони Жошуани мағлуб этиб, қачонлардир ака-ука Кличколарга тегишли бўлган супероғир вазн тоифасидаги чемпионлик қироллигини украинларга қайтариб, ўз номини тарихга ёзиб қўйди.

Фото: Getty Images

Супероғир вазн тоифасида британиялик жаҳон чемпиони Энтони Жошуа (108,9 кг) украиналик даъвогар Олександр Усикка (100,3 кг) кутилмаганда мағлуб бўлди.

12 раунд давом этган жангда Усик ҳакамларнинг якдил қарори билан (117-112, 116-112, 115-113) Жошуадан унинг барча тўрт камарини - WBA Super, WBO, IBF ва IBO камарларини тортиб олди. У жангнинг якуний раундида рақибини шунчалик қаттиқ дўппосладики, энди британиялик боксчи реваншга чақиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрадиган бўлди.

Британиядаги спорт мутахассислари тан олишича, Жошуа Усикка тезликда ҳам, қатъийликда ҳам ютқазди, уни нокаут бўлишдан фақат финал гонги чалиниши қутқариб қолди.

«Барча кўрдики, Усик Жошуадан яхшироқ жанг қилди ва очколар ҳисобига ғолиб деб топилди, у бундай жанг олиб боришини кўпчилик кутмаганди. У яхшироқ бокс тушди ва жанг якунида Жошуани қаттиқ калтаклади. Жанг якуни тўлиқ Усик назоратида кечди. У мақтовларга лойиқ», деган британиялик собиқ чемпион Карл Фроч BBC учун берган шарҳида.

Жангдан кейин Усик барчаси унинг режаси бўйича кетгани, у рақибни нокаут қилиш учун рингга чиқмаганини айтиб ўтди. Украиналик спортчи жуда толиққанини тан олган, январь ойидан буён оиласи билан деярли кўришмагани ва энди тезроқ уйга қайтиш ҳақида ўйлаётганини айтиб ўтган.

Маълумот учун, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида чемпион бўлган, 34 ёшли Олександр Усик 2013 йилдан буён профессионал боксда фаолиятини давом эттириб келмоқда. У охирги жангини 2020 йилнинг октябрь ойида британиялик Дерек Чисорага қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган эди. Усик профессионал боксдаги 19 жангининг барчасида ғалаба қозонган, шундан 13тасида рақибларни нокаутга учратган.

Лондон Олимпиадасининг яна бир чемпиони Жошуа учун бу профессионал рингда 24 жангдаги иккинчи мағлубият бўлди. Ўтган сафар, 2019 йилда америкалик Энди Руисга ютқазганди, аммо британиялик Нью-Йоркда бой берилган камарларини ярим йил ўтиб Саудия Арабистонида ўтказилган реванш жангида қайтариб олганди.

Бу сафар Усик 12-раундлик жанг ўтказди, Жошуа реванш жангни тезроқ ўтказишга ҳаракат қилиши мумкин, деб ҳисоблайди Карл Фроч. Бошқа бир британиялик чемпион Энтони Кролл ҳам унинг фикрига қўшилади.

«Бугун у жуда ўзгача боксчига ютқазди. Бундайлар бир авлодда бир учрайди», дея баҳо беради у бу рақибликка.

Мавзуга оид