Ўзбекистон | 11:40 / 28.09.2021
10348
2 дақиқада ўқилади

«Фарғона аҳлига хос гўзал фазилатларни таърифлайдиган бўлсам, суҳбатимиз «Фарғона тонг отгунча» ҳам тугамайди». Шавкат Мирзиёев Фарғонада сайловчилар билан учрашди

Бугун, 28 сентябрь куни президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида ЎзЛиДеП томонидан ташкиллаштирилган сайловчилар билан учрашувда иштирок этмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Фарғонадаги учрашувда номзодга сўз берилганида, Шавкат Мирзиёев сайловчиларга миннатдорлик билдирди.

“Авваламбор,  қадимий ва бетакрор Фарғона заминида мен учун қадрдон бўлган сиз, азиз юртдошларим билан яна бир бор учрашиб, мана шундай кўтаринки кайфиятда дийдор кўришиб турганимдан хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, мард ва олийжаноб, оқкўнгил ва меҳмондўст, самимий ва ориятли Фарғона халқига ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Барчамиз Фарғонани яхши кўрамиз. Уни “Олтин водийнинг гавҳари”деб эъзозлаймиз. Бу табаррук ва саховатли заминга бир бор қадам қўйган одам унга бир умр мафтун бўлиб қолади. Мен ҳар гал Фарғонага келганимда, бу ерда сизлардек қадрдонларим билан суҳбатлашганда атоқли шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг: “Водийларни яёв кезганда, бир ажиб ҳис бор эди манда”, деган самимий мисралари хаёлимда такрорланади.

Мана, бугун даврамизда жуда кўп истараси иссиқ инсонларни кўриб турибман. Фарғона аҳлига хос гўзал фазилатларни, бу саховатли диёрдан етишиб чиққан давлат ва жамоат арбобларини, олим-у уламолар, шоир-у ҳофизларни, тадбиркор ва ишбилармон одамларнинг номларини таърифлайдиган бўлсам суҳбатимиз “Фарғона тонг отгунча” ҳам тугамайди. 

Ўйлайманки, бунга зарурат ҳам йўқ, чунки уларнинг эзгу ишларини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, дея ўз сўзини бошлади президентликка номзод.

Мавзуга оид