G20 саммити: Ғарб афғонларга ёрдам бермоқчи, аммо толибларга эмас
Сешанба куни Италия ташаббуси билан Катта йигирматалик давлатлари раҳбарлари иштирокида навбатдан ташқари виртуал саммит бошланди ва унда Афғонистон масаласи муҳокама этилди. Бу мамлакатда вазият гуманитар фалокат сари кетар экан, жаҳондаги кўплаб сиёсатчилар толибларнинг янги ҳукумати билан ҳамкорлик муқаррарлигига кўнишга мажбур бўлмоқда.
Германия канцлери Ангела Меркель халқаро ҳамжамиятни Афғонистонда хаос юзага келишига йўл қўйиб бўлмасликдан огоҳлантирди. У саммит иштирокчиларига «Толибон» бошқаруви даврида бу мамлакат иқтисодиёти буткул қулаб тушишидан ҳеч ким ҳеч нарса ютмаслигини айтиб ўтди.
Канцлерлик лавозими якунланаётган Меркель Германия Афғонистонга 600 млн евро миқдорида инсонпарварлик ёрдами ажратишга тайёрлигини тасдиқлади.
Жаҳон етакчилари, жумладан АҚШ президенти Жо Байден афғонларга молиявий ёрдам тўғридан тўғри «Толибон» орқали эмас, мустақил халқаро ташкилотлар орқали юборилиши кераклигини қайд этишди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Афғонистонга 1 миллиард доллар миқдоридаги ёрдам пакети ажратишни таклиф этди, шундан 300 млн доллар гуманитар фалокатнинг олдини олишга қаратилган.
Фон дер Ляйен назарда тутган сумманинг қолган қисми қайси мақсадларга йўналтирилишига аниқлик киритилмаган.
БМТ раҳбари Антониу Гутерриш маблағлар Афғонистоннинг янги ҳукумати қўлига берилишига қарши чиқди, у мамлакат иқтисодиётига тўғридан тўғри сармоя киритишни таклиф этган.
Саммит иштирокчиларининг қатор иштирокчилари Афғонистонга ёрдамни толибларнинг инсон ҳуқуқларига қай даражада риоя этишига боғлиқ қилиб қўйишни таклиф этган.
«Мени айниқса толибларнинг қизлар ва аёлларга алоқадор ваъдалари бажарилмаётгани ташвишга солмоқда», деган Гутерриш.
Кузатувчиларнинг фикрича, Ғарб амалда уддалаб бўлмас топшириқ билан тўқнашмоқда: «Толибон» билан бевосита алоқани четлаб ўтган ҳолда оддий афғон халқига ёрдам кўрсатиш.
«Бизда ўйлаб ўтиришга вақт йўқ. Ҳаракат қилиш, имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш керак», деган саммит бошида Европа Иттифоқининг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель.
Террористик таҳдид
Жаҳон ҳамжамиятини тезкорлик билан ҳаракат қилишга ундаётган яна бир омил шундаки, толиблар бунга йўл қўймасликка ваъда берган бўлишса-да, Афғонистон яна турли террорчи гуруҳлар учун базага айланиб қолиши мумкин.
Ўтган ҳафтанинг якшанбасида Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида шиалар масжидида жума ибодати вақтида террорчи худкуш ўзини портлатди. Теракт қурбонлари сони 60дан ошди.
Бу мамлакатда америкалик ҳарбийлар олиб кетилишидан кейин рўй берган энг йирик теракт бўлди. Бу портлаш учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон» гуруҳи ўз зиммасига олди. Сўнгги вақтларда мамлакат шарқида ҳам шиаларга қатор ҳужумлар амалга оширилмоқда.
Толибларга қарши чиқаётган бу гуруҳ фаол ҳаракатланаётгани шуни кўрсатадики, толиблар мамлакатдаги вазиятни тўлиқ назорат қилишга қодир эмас.
Масалан, Қатар хавфсизлик бўйича бундай ташвишли вазиятда ва гуманитар инқироз фонида толибларнинг ҳокимияти легитимлиги тан олиниш-олинмаслиги кун тартибидаги масала эмас деб ҳисоблайди.
Қатар ТИВ раҳбари Мутлақ ал-Қаҳтоний улар ҳозирда муҳим масалаларни ечишда ҳисоблашишга тўғри келаётган ягона маъмурият эканини таъкидлаган.
Музокаралар
Америкаликлар Афғонистонни тарк этганидан кейин илк бор 9-10 октябрь кунлари Қатар ҳукумати воситачилигида АҚШ делегацияси Доҳада толиблар вакиллари билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказди.
«Учрашувлар очиқ ва профессионал руҳда ўтказилди, АҚШ делегацияси яна бир бор толибларга сўзлари учун эмас, қилган ишларига қараб баҳо берилишини эслатди», дейилади Давлат департаменти сайтида учрашув якунлари бўйича берилган ҳисоботда.
Томонлар хавфсизлик масалалари ҳамда терроризмга қарши кураш, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, хусусан, аёллар ҳуқуқлари, гуманитар кун тартиби, шунингдек, америкалик фуқаролар, бошқа мамлакатлар фуқаролари, халқаро миссиялар ва компанияларнинг афғонистонлик ходимларининг мамлакатдан чиқиб кетиши учун хавфсиз йўлаклар очиб берилиши масалаларини муҳокама қилишган.
Толиблар бу масалаларнинг кўп қисми бўйича аввал ҳам ваъдалар беришган, аммо амалда бунинг аксини қилишганди. Хусусан, қизлар барибир мактабларга қайтишмади, олий таълим муассасалари талабалари учун дресс-код бўйича қатъий тартиблар жорий этилди ҳамда аёллар кўчаларга маҳрамсиз чиқиши тақиқланди.
Мамлакатда аввалги ҳукумат даврида Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик қилган афғонларга ҳамда журналистларга қарши рейдлар амалга оширилмоқда. Айрим ҳолатларда уларни уйдан топа олмаган толиблар уларнинг оила аъзолари ва қариндошларини ўлдиришмоқда.
Доҳадаги учрашув арафасида АҚШ Давлат департаментидагилар бу музокаралар Вашингтон толибларнинг Афғонистондаги ҳокимиятини расман тан олишини англатмаслигини алоҳида қайд этишганди.
Ўз навбатида, музокаралар чоғида толиблар делегацияси америкаликларни огоҳлантириб, янги ҳукуматга ташқаридан бўладиган ҳар қандай босим биринчи навбатда Афғонистон халқига салбий таъсир кўрсатишини қайд этиб ўтишган.
«Биз уларга аниқ қилиб айтдик, бизнинг ҳукуматимизни беқарорлаштиришга бўлган уринишлар ҳеч кимга фойда келтирмайди», деди Афғонистоннинг янги ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Доҳадаги учрашув якунлангач журналистларга берган интервьюсида.
«Афғонистон билан яхши муносабатлар ўрнатиш барча учун фойдали. Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини кучсизлантирадиган қандайдир ҳаракатлар қилиш керак эмас, чунки бу фақат халқ учун муаммолар келтиради», дея унинг сўзларини келтирган «Франс пресс» агентлиги.
Мавзуга оид
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024
Қирғизистон президенти АҚШ ва Европани «Толибон»ни тан олишга чақирди
17:43 / 03.12.2024
Афғонистонда TAPI газ қувури қурилиши бошланди
23:50 / 29.11.2024