“9 йил муштлашишга эмас, дўхтирликка ўқиганман” — Андижонда тез ёрдам шифокори калтакланди
Пахтаободда беморнинг маст қариндоши тез ёрдам шифокорини дўппослаб, унинг бурнини синдирди. Магистратурада ўқиётган ёш врачнинг ота-онаси бу воқеадан кейин фарзанди тез ёрдамда ишлашига қарши бўлмоқда.
Андижон вилояти Пахтаобод туманида тез тиббий ёрдам врачи беморнинг маст қариндоши томонидан калтакланди.
Бу ҳақдаги хабарни Kun.uz'га жабрланувчининг ҳамкасблари етказди. Биз азият чеккан шифокор Шоҳрухбек Зокиров даволанаётган Андижон тиббиёт институти клиникасига бордик.
Шоҳрухбек оғир мушт ё тепкилардан бурни синган, юзи моматалоқ. Врачларга кўра, орқа мияси чайқалган. У руҳан эзилган бўлиб, бу ҳолат унинг хаста овозидан сезилиб турибди. Шифокор ҳозир клиниканинг оториноларингология кафедрасида даволанмоқда.
Беморнинг маст қариндоши томонидан калтакланган Шоҳрухбек Зокиров 2019 йилдан бери Пахтаобод туманининг чекка ҳудуди бўлган Маданият қишлоғидаги тез тиббий ёрдам шохобчасида ишлайди. У 16 октябрь куни шохобчага навбатчилик учун келади. Тунги чақирувга бошқа бир врач Нодирбек Аҳмедов бошчилигидаги тез ёрдам гуруҳи чиқиб кетгач, ўша чақирув бўлган хонадон эгаси тез ёрдам машинаси етиб бормасдан ўз автомашинасида онасини шохобчага олиб келган.
“Касал аёлнинг ўғли шохобчага кира солиб, бақира кетди. Ундан спиртли ичимлик ҳиди келиб турарди. Мен онахонни қабул қилиб, қон босимини ўлчадим, юрагини эшитдим ва керакли муолажани қилдим. Аёл асабийлашган ва шунинг таъсирида қон босими бироз кўтарилган экан. Уколлар таъсир қилиб бемор ўзига кела бошлади. Маст ўғли шохобча ичида бақириб тўполон қилиб сўкиниб юрди. У ҳаммани бир-бир ҳақорат қилиб, врач Маҳмуд ака Деҳқоновни ёқасидан олиб бўға бошлади. Мен ажратгани бордим ва ажратдим. Шундан сўнг маст менга эътибор қаратди.
Йўлакдан кетаётганимда орқамдан келиб, юзимга мушт туширди ва мен йиқилганимда кўп марта зарбалар берди. У ёғига нима бўлганини билмайман. Ажратиб қўйишди. Кейин участка нозири келди.
Мен врач акамнинг ёнига бордим. Клиникага олиб келишди. Синган бурнимни репозиция(буруннинг синган суякларини жойига келтириш) амалиёти қилишди. Миям чайқалган экан. Даволаняпман. Ота-онам “Қайтиб ишга бормайсан!” дейишди. Бизда охирги пайтлар беморларнинг яқинлари маст ҳолатда шифокорларни ҳақорат қилиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Кеча ИИБ ходими келиб ариза олди”, – дейди Шоҳрухбек Зокиров.
Жабрланган врачни даволаётган шифокор Ҳотамбек Ҳамроқулов беморда ёпиқ бурун синиши ва мия чайқалиши аниқлангани, бурни репозиция қилинганини тасдиқлади.
Ўша кунги чақирувга борган тез ёрдам шифокори Нодирбек Аҳмедов билан боғландик. Шифокор беморнинг фарзанди чақирувда манзилни адашиб айтгани боис беморнинг хонадонини излашганини айтди.
“Алоқага чиққан шахс ўзи яшайдиган Маърифат кўчаси ўрнига Саноат кўчасига боришимизни айтган. Биз унинг уйини излаб вақт йўқотдик. Сўнг ўша одам маст ҳолатда келиб, фаолият олиб бораётган врачларни ҳақорат қилиб, Шоҳрух Зокировни калтаклади. Биз зўрға ажратиб қолдик”, – дейди Нодирбек Аҳмедов.
Воқеа гувоҳларидан бири врач Маҳмуджон Деҳқонов эса воқеани қуйидагича гапириб берди: “Беморнинг ўғли маст, оёғида зўрға турарди. У врач Нодирбек Аҳмедовга бир тарсаки туширди. Менинг ёнимга келиб, ўнг қўлимдан ушлаб торта бошлади. Шоҳрух келиб: “Бу инсонда нима айб?” деб ажратди. Кейин Шоҳрухни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, йўлакдан кетаётганида орқасидан бориб урди. Нодирбек бориб ажратди”.
Ҳолат бўйича Пахтаобод тумани ИИБ Тергов бўлими Kun.uz'га маълумот тақдим этди.
Унда ёзилишича, 2021 йил 17 октябрь куни соат 00:30ларда Пахтаобод тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли Маданият шохобчаси тез ёрдам бўлимида навбатчи шифокор Шоҳрух Зокиров хизмат олиб бораётган вақтида Пахтаобод тумани, Маърифат МФЙда яшовчи Т.Б. онаси У.Г.нинг соғлиги ёмонлашиб қолгани сабабли тез ёрдам чақирган.
Т.Б. тез ёрдам бормагани сабабли онасини қўлида кўтариб келиб, шу ерда хизмат олиб бораётган шифокор З.Ш.ни “Нега тез тиббий автомашинаси кеч боради?” деб сўкиб, ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган.
Шифокор З.Ш. Андижон вилояти ИИБнинг “102” қисқа рақамига мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан Пахтаобод тумани ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
9 йил тиббиёт институтида таълим олиб, айни пайтда магистратурада ўқиётган ёш врач Шоҳрухбек Зокировнинг ота-онаси: “Тез ёрдамда қайтиб ишламайсан”, дея талаб қўймоқда.
“Умримиз ўқиш, билим олиш билан ўтди. Ўзимизни ҳимоя қилиш, спорт билан ҳам шуғуллангани вақт бўлмаган. Энди афсус қиляпман. Шифокор бўлиб ишлашда мускуллар ҳам керак экан”, – дейди Шоҳрухбек Зокиров.
Бўлган воқеани ҳуқуқий томондан баҳолаб хулоса чиқаришни ИИБ ва прокуратура органларига қолдирган ҳолда, сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларига тан жароҳати етказиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини афсус билан таъкидлашимиз лозим. Айни пайтда тан жароҳатидан даволанаётган врач кўплаб беморларни даволаб, жамиятга фойда келтирган бўлар эди.
Зиёли қатлам бўлган врачларга бўлаётган ҳужумларнинг сабабларини аниқлаш (ёки тан олиш) вақти аллақачон келган.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
11:45 / 06.12.2024
Лордан стоматологга: тиш даволатишга келган бемор шифокор шилқимлигига учради
19:11 / 05.12.2024
“Битта бригада кунига 25 тагача чақириққа чиқяпти” — Тез ёрдам қишда қандай ишлаяпти?
18:33 / 29.11.2024
Блогер Фарҳод Манноповнинг вафотида икки шифокор айбли деб топилди
18:33 / 26.11.2024