Ўзбекистон | 10:17 / 20.10.2021
17909
2 дақиқада ўқилади

Ургутда ноёб Туркистон силовсини тутилди

Фото: Экология бошқармаси

Ургут туманида жойлашган корхоналардан бирига баланд тоғларда яшайдиган Туркистон силовсини келиб қолган. Вилоят Экология бошқармасининг хабар беришича, ҳозирда ушбу ноёб ҳайвон тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Тез орада яна табиатга қўйиб юборилади.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 октябрь куни Ургут тумани Раҳматобод маҳалласи ҳудудида жойлашган корхонада ишловчи фуқаролар унинг ҳудудига Зарафшон дарёси орқали келиб қолган ноёб ҳайвонни кўриб қолишган ва унга овқат беришган.

Ушбу ҳайвон кетавермагач, Ургут туман ўрмон хўжалиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назорат инспекциясига телефон орқали мурожаат қилишган. Масъуллар тезкор тартибда жойига бориб ўрганишганда, бу ҳайвон Туркистон силовсини экани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ноёб ҳайвон махсус тиббий текширувдан ўтказилмоқда, тез орада яна табиат қўйнига қўйиб юборилади.

Маълумот учун, Туркистон силовсини Ғарбий Тянь-Шань (Угом, Писком, Чотқол) ва Помир-Олой (Туркистон, Ҳисор, Кўҳитанг) тоғ тизмаларининг баланд қисмида яшайди. Ўзбекистондан ташқарида: Марказий Осиё мамлакатлари, Қозоғистон, Мўғулистон, Ғарбий Хитой, Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистонда учрайди.

Туркистон силовсини тоғларнинг ўрта ва юқори қисмлари (алп ўтлоқлари зонасининг баргли ўрмон ва арчазорлар қоплаган қуйи чегарасигача), кўпинча сочма-тошлоқ ва қояларга яқин жойларда яшайди.

Мавзуга оид