Ўзбекистон | 16:23 / 21.10.2021
4359
2 дақиқада ўқилади

Нарзулло Обломуродов олмалиқлик сайловчилар билан учрашди

Фото: Экологик партия

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов 20 октябрь куни Олмалиқ шаҳридаги сайловчилар билан учрашди.

Экопартия номзодининг вилоят бўйича ишончли вакили Носиржон Аминов сайловчиларга Нарзулло Обломуродов ҳақида маълумотлар берди.

Жумладан, номзоднинг Оролбўйи ҳудуди муаммоларини ечишга қаратилган “Мўйноққа мадад” хайрия веломарафони, “Дарахт экинг” акцияси, экологик инновациялар ва яшил технологиялар танлови каби йирик лойиҳалар муаллифи эканлиги қайд этилди.

Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов ўз сайловолди дастуридан ўрин олган асосий мақсадлар ҳақида гапирди.

Фото: Экологик партия

“Бизнинг мақсадимиз қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этиш орқали олис қишлоқ жойларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланишига эришиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик таълим-тарбия, экологик маданиятни ривожлантириш, саноат корхоналарининг атмосферага чиқарадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш”, – деди у.

Сайловолди дастуридаги барча йўналишлар, илгари сурилган ғоялар бугунги кунда нафақат юртимиз учун , балки бутун дунё аҳли учун ҳам долзарб бўлган масалаларни ўз ичига олганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Партия анъанасига кўра, учрашувдан сўнг номзод “Металлург” маданият саройи ҳовлисига дарахт кўчати ўтқазди.

Мавзуга оид