Париждаги кимошди савдосида динозавр скелети 6,65 миллион еврога сотилди
Америкалик номаълум коллекционер “Катта Жон” деб номланган трицератопс динозаврининг тош қотган суякларини кимошди савдосида 6,65 млн еврога сотиб олди. Савдолар Париждаги Drouot аукцион уйида ўтган.
Динозавр скелети дастлабки баҳоланган нархидан 4 карра қимматроққа сотилган. Бироқ бу динозавр скелети учун тўланган рекорд сумма ҳисобланмайди: бир ой олдинроқ Нью-Йоркда тираннозавр скелети 31,8 млн долларга сотилган.
Таъкидланишича, скелети сотилган трицератопс 66 млн йил аввал АҚШнинг ҳозирги Жанубий Дакота штати ҳудудида яшаган. Палеонтологлар дастлаб динозавр суякларининг бир қисмини аниқлашган. Сўнгра бир йил ичида скелетнинг 60 фоизини, жумладан 2,6 метрлик бош суягини топишга муваффақ бўлинган. “Катта Жон” скелетининг узунлиги 8 метрни ташкил қилади. У фанга маълум бўлган энг катта трицератопс ҳисобланади. Унинг шохлари узунлиги 1,1 метрни, эни эса 30 смни ташкил қилади. Улар 16 тоннагача босимни кўтара олади.
Хаммаси бўлиб скелет 200 дан ортиқ суякдан ташкил топган бўлиб, умумий оғирлиги 700 кгдан кўпроқ. Трицератопс скелетини тиклаган мутахассисларнинг таъкидлашича, динозавр турли ҳодисаларга бой ҳаёт кечирган. Жумладан, бундан унинг бўйнидаги жароҳат дарак беради. У бу жароҳатни бошқа эркак трицератопс билан ҳудудни ҳимоялаш ёки урғочи трицератопс учун жангда олган бўлиши мумкин.
“Катта Жон”нинг Италияда реставрациясига бошчилик қилган палеонтолог Якопо Брианонинг айтишича, у етакчилик қилган мутахассислар дунёда муқобили бўлмаган “ҳақиқий шедевр”ни яратишга муваффақ бўлишган.
Мавзуга оид
19:59 / 18.12.2024
Тошкентда йўлбўйи автотураргоҳларини ташкил этиш учун бошқа компания танланди
01:13 / 21.11.2024
Белгиялик рассомнинг «Ёруғлик империяси» туркумига кирувчи картинаси 121,2 млн долларга сотилди
20:47 / 03.10.2024
Олимлар Ерда динозаврларнинг қирилишига олиб келган астероид ёлғиз бўлмаганини аниқлади
18:43 / 16.08.2024